Жамият | 19:05 / 30.11.2017
28057
3 дақиқада ўқилади

Кучли таъсир кўрсатувчи дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Фото:Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

Мамлакатда инсон манфаатлари олий қадрият сифатида қаралади. Инсон саломатлигини асраш, муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир. Саломатликни мустаҳкамлашда дори-дармон воситалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Аммо, минг афсуски, сифати кафолатланмаган, инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатувчи, шифокор рецептисиз берилмайдиган дори-дармон воситаларини ноқонуний равишда сотиш йўли билан мўмай даромад орттирмоқчи бўлган шахслар ҳамон учраб турибди.

Яқинда Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳудудига муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилган кўп миқдордаги “Лирика” номли дори воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Ўтказилган тадбир давомида, “Шарнод” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси фуқаро Ф.Исматуллаев мижозга 2 дона “Лирика 300 мг.” номли дори воситасини ҳар бир донасини 18 000 сўмга назорат касса аппарати чекисиз ва шифокор рецептини талаб қилмасдан сотаётганлиги фош этилди.

Шундан кейин ушбу дорихона белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, дорилар сотилаётган пештахтанинг пастки қисмида 7 дона ва дорихона ичкарисининг ўнг томонида жойлашган хонадаги стол тортмаси ичидан жами 126 дона хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган “Лирика 300 мг.” номли дори воситалари борлиги аниқланди. Ушбу аниқланган жами 135 дона дориларнинг қиймати 2 430 000 сўмни ташкил этди.

Фото:Давлат божхона қўмитаси  Ахборот хизмати

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида “Трамадол” дори воситасининг олди-сотдиси билан шуғулланувчи бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Инсон саломатлигига таъсир қилувчи бу каби дори воситаларини жамоат жойлари, турли кафе ва ресторанларда хуфиёна сотиш орқали яхшигина даромад орттириб келаётган фуқаролар М.Ш.Авазов, Я.И.Бабаханов, А.А.Мелибаевлар энди қонун олдида жавоб беришади.

Пойтахтнинг Чилонзор туманида ушбу шахслар 201 та конвалютадаги, жами 2010 дона “Трамадол” дори воситаларини 3.050.000 сўм эвазига ноқонуний равишда сотаётган вақтда қўлга олинди.

Шунингдек, тадбир давомида фуқаро А.А.Мелибаев ўзининг яшаш хонадонидан яна 150 дона конвалютадаги, жами 1500 дона “Трамадол” таблеткаларини ихтиёрий равишда топширди.

Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан холислар иштирокида тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тадбир давомида олинган жами 351 та конвалютадаги, 3510 дона “Трамадол” дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид