Жаҳон | 09:46 / 01.12.2017
6596
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коалицияси зарбалари Ироқ ва Сурияда 800 дан ортиқ аҳоли ўлимига сабаб бўлган

Фото: Getty Images

АҚШ етакчилигидаги халқаро коалициянинг Ироқ ва Сурияда берган ҳаво зарбалари оқибатида 2014 йилдан буён камида 800 тинч аҳоли вакили қурбон бўлган. Коалиция томонидан эълон қилинган ҳисоботда шу ҳақда сўз боради. Унда коалиция тинч фуқароларнинг ўлимида ўзининг айбдорлигини тан олиши қайд этилган. 

“Коалиция ихтиёридаги шу бугунги кунгача мавжуд маълумотларга асосланган ҳолда 2014 йили бошланган “Букилмас қатъият” амалиёти давомида коалиция зарбаларидан 801 кишининг ҳалок бўлгани қайд этилган”, - дейилади CJTF–OIR томонидан 30 ноябрда эълон қилинган ҳисоботда. 

Унга кўра, гарчи коалиция ИШИДга қарши сезиларли ижобий натижаларни қўлга киритганига қарамай, иттифоқдош ҳарбийлар “жангарилардан азият чекаётган одди аҳоли орасида қурбонлар сони ошишига сабабчилардан бири бўлган”.

“Биз фуқароларнинг бегуноҳ одамларга бехосдан жароҳат етказмаслик ёки уларнинг ўлимига сабаб бўлмасликда ўзимизни масъул деб биламиз”, дейилади ҳужжатда. 

Унга мувофиқ, АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Ироқ ва Сурияда 2014 йил августидан 2017 йил октябрига қадар жами 28,198 зарба берган. Ушбу давр мобайнида оддий фуқароларнинг эҳтимолий қурбонлари сони 1,790 кишини ташкил этади”. 

Июнь ойида Amnesty International ташкилоти Ироқнинг Мўсул шаҳридаги халқаро коалиция ҳаракатларини кескин танқид қилувчи ҳисоботини эълон қилган эди. Ҳужжатда Ироқ ва АҚШ кучлари зарбаларида камида 5,805 фуқаро ҳалок бўлгани таъкидланган эди.
 
Сентябрь ойида Human Rights Watch АҚШ етакчилигидаги коалициянинг Сурияга бераётган ҳаво зарбалари тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлаётгани, бунинг оқибатида одамлар уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани ҳақида бонг урган эди. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид