Ўйиннинг янги қоидалари. Қирғизистонда конституцияга жиддий тузатишлар кучга кирмоқда
Қирғизистонда конституцияга бош вазирнинг ваколатларини кенгайтириш эвазига давлат ҳокимиятида ваколатларини қайта тақсимловчи қатор тузатишлар 1 декабрдан кучга кирди.
Референдум
Қирғизистонда собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг ташаббуси билан 2016 йил декабрь ойида асосий қонунни ўзгартириш тўғрисидаги умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Унда сайловчиларнинг 42 фоизи иштирок этди, конституцияни ўзгартириш учун 79,6 фоиз овоз берилди.
Ҳаммаси бўлиб, тузатишлар тахминан 30 та моддага тегишли бўлди. Асосий қонундаги ўзгаришлар тўртта муаммолар блокини ҳал этишга қаратилди: ҳокимият тармоқларининг ўзаро алоқалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тизимини ислоҳ қилиш, қирғиз жамиятида юқори қадриятлар тизимини шакллантириш ва давлат қирғиз ҳамда расмий рус тилидаги матнлар ўртасида ўзаро мувофиқликни шакллантириш.
Хусусан, асосий қонундан шундай норма олиб ташландики, унга мувофиқ республика инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар қарорларини бажариши ва етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, бир жинсли никоҳни истисно қилиш ва республика фуқаролигидан муайян ҳолларда маҳрум қилиш имкониятини назарда тутувчи бандлар киритилди.
Бундан ташқари, республикадаги энг йирик олтин кони «Кумтор»нинг ўзлаштирилишида суиистеъмолликлар, шунингдек, экоцид, геноцид билан боғлиқ оғир жиноятлар бўйича белгиланган муддатнинг ўтиб кетиши бекор қилинди.
Мамлакатнинг суд тизимига алоқадор бўлган ўзгаришлар катта блокка айланди. Хусусан, судьяларни энди Судьялар кенгаши ҳузуридаги интизом комиссиясининг таклифи бўйича жавобгарликка тортиш мумкин. Қонунбузарлик учун ишдан бўшатилган судья барча имтиёзлардан маҳрум бўлади ва давлат хизматида бошқа лавозимни эгаллай олмайди. Бош прокуратура ваколатларини кенгайтириш, хусусан, назорат маҳкамаси қонунга риоя қилиш ҳолати бўйича устидан назорат ўрнатиши мумкин бўлган давлат органлари рўйхатини кенгайтириш режалаштирилган.
Қирғизистоннинг янги конституцияси 2017 йилнинг 15 январидан кучга кирди. Бунда бош вазирнинг кадрлар бўйича мустақил қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини кенгайтирувчи бешта модда истиснога айланди. Янги конституциянинг муаллифлари фикрига кўра, ушбу моддалар ўша пайтда президент бўлиб турган Атамбоевнинг ваколатлари муддати тугагандан кейин, яъни 2017 йилнинг 1 декабридан кучга кириши керак.
Мамлакатда 15 октябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди, 24 ноябрда янги президент Сооронбой Жеэнбеков қасамёд келтирди ва расмий равишда давлат раҳбари лавозимини бажаришга киришди.
Ўйиннинг янги қоидалари
1 декабрда кучга кирадиган тузатишлар конституциянинг бешта моддасига таъсир қилади. Хусусан, эндиликда исталган фракция учун парламентдаги кўпчилик коалициясидан чиқиш учун шунчаки кўпчиликни эмас, балки фракция депутатлари умумий сонидан камида учдан икки қисми овозини олиш талаб этилади. Шу билан бирга, фракциянинг чиқиш учун овоз берган ҳар бир аъзоси фракциянинг тегишли қарорини шахсан имзолаши керак.
Муаллифларнинг фикрига кўра, бу Жўқорғу Кенешда (120 ўринли мамлакат парламенти) кўпчилик коалициясининг барқарорлигини кучайтиради, ва у бош вазир номзодини кўрсатади ҳамда вазирлар маҳкамаси таркибини шакллантирилади. Коалициянинг тарқалиши у томонидан шакллантирилган вазирлар маҳкамасининг автоматик истеъфосини англатади. Шу билан бирга, бу коалицияга кирувчи кичик фракция етакчиларининг сиёсий қарашлари туфайли бир неча бора юз берган. Ўтган олти йил ичида Қирғизистонда вазирлар маҳкамаси таркиблари ўртача ҳар 9-10 ойда ўзгариб турди.
Конституциянинг яна бир моддаси депутатлик мандатини бош вазир, ёки унинг ўринбосари лавозими билан бирлаштириш имкониятига тегишли. 1 декабрдан парламентарийлар таркибидан номзоди илгари сурилган бош вазир ёки бош вазирнинг ўринбосари, ҳукуматдаги ўриндан маҳрум бўлиб, яна ўзининг депутатлик ваколатларига тўла ҳажмда қайтиши мумкин.
Шунингдек, тузатишларга кўра, коалиция тарқаб кетган тақдирда парламент спикери ваколати яна палатанинг кўпчилик овози билан қайта тасдиқланиши лозим.
Ўзгаришлар бош вазирнинг мамлакат бюджетини қабул қилишга таъсир этиш имкониятини кенгайтиради. Аввал президент парламент томонидан қандайдир қонун қабул қилинса, уни ёки бир давомида имзолаши, ёки қонун чиқарувчиларга такрорий кўриб чиқиш учун ўз эътирозлари билан қайтариши лозим эди.
«Республика бюджети, солиқлар тўғрисидаги қонунларнинг имзоланиши мажбурий, бунда бош вазирнинг шундай қонунларни имзо чекмасдан қайтариш бўйича мурожаати истисно саналиши мумкин бўлади», - дейилади моддадаги ўзгаришда.
Шундай қилиб, бош вазирга мамлакатнинг иқтисодий сиёсатини шакллантиришда ўзига хос «вето ҳуқуқи» тақдим этилмоқда.
Энг жиддий ўзгаришлар кадрлар алмашинувига тааллуқли. Энди бош вазир, президентнинг эътирозларига қарамасдан, ўзини қониқтирмаган коалицион ҳукуматнинг аъзоларини мустақил равишда бўшатиши мумкин. Мудофаа ва миллий хавфсизлик масалаларига масъул бўлган маҳкамалар бошлиқлари учун истисно қилинади, улар президент қарори бўйича лавозимига тайинланади ва озод этилади.
«Президентнинг кўрсатилган тақдимномаси олинганидан кейин беш кун давомида ҳукумат аъзосини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида фармон чиқарилмаса, бош вазир парламентдаги кўпчилик фракциялар етакчилари билан маслаҳатлашувдан сўнг ўз қарори билан ҳукумат аъзосини эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ҳуқуқига эга», - дейилади янги моддада.
Қирғизистоннинг амалдаги конституцияси республика 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери ҳисоб бўйича тўққизинчи бўлди. Уни қабул қилиш катта сиёсий можаролар билан кечган, улар жамиятда жиддий ажралишларга олиб келди. Курманбек Бакиевнинг режими ағдарилганидан сўнг собиқ президент Атамбоев билан ҳокимият тепасига келган вақтинчалик ҳукуматнинг баъзи аъзолари матни Венеция комиссияси томонидан тасдиқланган ва конституцияни 2020 йилга қадар ўзгартиришни тақиқловчи 2010 йилги асосий қонунга тузатишлар киритишга кескин қарши чиқди.
Атамбоевнинг сиёсий мухолифлари асосий қонуннинг навбатдаги ўзгаришида ҳокимиятни сақлаб қолишга бўлган уринишни кўришди. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар бўйича келишмовчиликлар шу йилнинг кузида Жўқорғу Кенешда кўпчилик коалициясининг парчаланиши ва кейинчалик ҳукуматнинг истеъфосига олиб келди.
Мавзуга оид
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024