Жаҳон | 16:44 / 04.12.2017
6834
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда 50 млн долларлик героин йўқ қилинди

Фото: Bloomberg

Афғонистондаги Америка қўшинлари гуруҳи қўмондонлигининг маълум қилишича, Ҳилмонд вилоятида ўтказилган амалиёт натижасида 50 миллион долларлик гиёҳванд моддалар захираси йўқ қилинди.

Афғонистоннинг кўкнор жаҳон бозоридаги улуши тахминан 85 фоизни ташкил этади. Америкалик ҳарбийларнинг баҳолашича, гиёҳванд моддалар сотувидан олинган даромад «Толибон» гуруҳини 60 фоизгача молиялаштиради.

«Биз биргаликда фақатгина сўнгги бир неча ҳафта ичида Ҳилмондда 50 миллион долларлик гиёҳванд моддаларни йўқ қилдик. Бу «Толибон»ни молиялаштиришнинг асосий манбаси ва толиб наркокартеллари биз уларга ов эълон қилганимизни яхши англаб турибди», - дея маълум қилди АҚШ ва НАТОнинг бирлашган гуруҳи қўмондони генерал Жон Николсон.

Ер усти рейдлари ва авиаҳужумлардан фойдаланилган амалиёт 19 ноябрь куни бошланди. Натижада героин ишлаб чиқариш бўйича лаборатория ва заводлар йўқ қилинди. Генерал Николсоннинг сўзларига кўра, ўзига президент Трамп томонидан жорий йилнинг августида берилган ваколатлар террорчиларнинг молиялаштириш манбалари билан анча самарали кураш олиб бориш имконини тақдим этди.

Покистон билан чегарада жойлашган Ҳилмонд вилояти эса кўкнор ишлаб чиқариш бўйича энг йирик ҳудуд саналади. Бу ернинг катта қисми «Толибон» ҳаракати жангарилари томонидан назорат қилинади.

Шу билан бирга, толибларнинг ўзлари гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга алоқадор эмасликларини иддао этиб, «Толибон» ҳокимият тепасида бўлган вақтда мамлакатда героин ишлаб чиқариш миқдори анча пасайганини айтишади.

Мавзуга оид