Ўзбекистон Жанубий Осиё йўналишидаги транспорт ва транзит ташувларида ўзининг рақобат устунлигини сақлаб қолмоқда. Бунга қўшни Афғонистон темир йўл тармоғини кенгайтириш ҳамда мамлакатни минтақалараро боғлиқлик лойиҳаларига жалб этиш бўйича кўрилаётган чоралар катта ҳисса қўшмоқда.

Яқинда Балх вилоятида Афғонистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган энг муҳим савдо артерияларидан бири бўлган “Ҳайратон–Мозори Шариф” темир йўлининг якуний бешинчи участкаси фаолияти қайта тикланди. Ўзбекистон томони кўмагида Найбобод станциясидан Мозори Шарифгача бўлган темирйўл қисми тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилди. Мазкур йўналишдаги қуруқлик порти бир вақтнинг ўзида 50 тагача вагонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

2011 йилдан буён “Ҳайратон–Мозори Шариф” йўналиши орқали 50 миллион тоннадан ортиқ юк ташилган бўлиб, шундан қарийб ярми сўнгги бир неча йил ҳиссасига тўғри келади. Бу эса Ўзбекистон–Афғонистон чегараси орқали халқаро юк ташишувларига талаб ортиб бораётганини кўрсатади. Натижада Тошкент ва Кобул трансчегаравий логистика самарадорлигини ошириш бўйича амалий ҳамкорликни кучайтирмоқда. Асосий эътибор юклар ҳаракатини соддалаштириш ва тезлаштиришга қаратилган инфратузилмавий ислоҳотларга қаратилган.

2026 йил апрел ойида ўзбекистонлик мутахассислар Найбобод темирйўл станциясида 1000 метр узунликдаги қўшимча кириш йўлини қуришни якунлади. Бу юк поездларини кўпроқ қабул қилиш, уларнинг туриб қолиш вақтини қисқартириш ҳисобига тирбандликларнинг олдини олиш имконини беради. Кейинги босқичда узунлиги 1650 метр бўлган яна бир қўшимча темирйўл линияси ва бир нечта замонавий омборлар қурилиши режалаштирилган.

Мазкур инфратузилмавий кенгайишлар “Термиз–Найбобод–Майданшаҳр–Логар–Харлачи” йўналиши бўйича Трансафғон темирйўли қурилиши лойиҳаси билан узвий боғлиқ. Кобул коридори деб аталувчи ушбу лойиҳа Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистон орқали ўтувчи муқобил “Шимол–Жануб” транспорт ўқини яратиш учун асос бўлмоқда. У Европа, Марказий Осиё, Шарқий ва Жанубий Осиё бозорларини денгиз савдо йўлларини четлаб ўтган ҳолда энг қисқа қуруқлик маршрути орқали боғлайди. Трансафғон магистрали ишга тушганидан кейинги дастлабки ўн йил давомида йилига 22 миллион тоннагача юк ташилиши, кейинчалик эса бу кўрсаткич 34 миллион тоннагача етиши кутилмоқда.

2023 йилдан буён узунлиги 5532 километр бўлган “Беларус–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” мултимодал коридори шаклланмоқда. Ушбу логистика занжири орқали юкларни Жанубий Осиёга 20 кун ичида, яъни денгиз йўлларига нисбатан уч баравар тез етказиш мумкин бўлади. Уни келажакда Европа ва Ҳиндистон томон кенгайтириш истиқболи мавжуд. Трансафғон темир йўли ишга тушгач, янги коридор мономодал ҳолатга келибгина қолмай, бир бақтнинг ўзида Эрон орқали ўтувчи амалдаги “Шимол–Жануб” халқаро транспорт коридорига қараганда анча қисқа йўлга айланади.