Ўзбекистон | 13:00 / 04.12.2017
14296
4 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда 200 нафар профилактика инспекторига хизмат уйлари ва автомашиналар калити топширилди

Фото: ИИВ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг 2 декабрь куни соат 08:00да Шаҳрисабз шаҳрининг Амир Темур хиёбонида Қашқадарё вилоят ИИБ ички ишлар органлари таянч пунктларининг 200 нафар профилактика инспекторини қасамёдга келтириш, уларга хизмат уйлари ва имтиёзли равишда берилаётган шахсий автомашиналар калитини тантанали топшириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси хабар бермоқда.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, давлат бошқарув органлари ва вилоят ҳокимлик раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, профилактика инспекторларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этишди.

Дунёда инсоннинг ҳаётидан, унинг тинчлигидан ҳам азизроқ, муҳимроқ нарса бўлмаса керак. Бугунги даврда ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, профилактика инспекторлари Ватан келажаги ва истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшаши, юртига фидоийларча хизмат қилиб, ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Халқнинг дардини, ҳар бир инсонни қийнаётган ва ташвишга солаётган муаммоларни биринчи навбатда ким тинглайди, албатта, ички ишлар органи ходими. Чунки нажот, тинчлик истаб инсон авваламбор унинг олдига шошади. Ана шундай дамларда ички ишлар органи ходими, айниқса, профилактика инспекторидан кучли сабр-тоқат, меҳр-оқибат, матонат, юксак маънавият талаб этилади.

Фото: ИИВ 

Ана шу талабдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 10 апрелдаги фармони асосида жойлардаги профилактика инспекторлари сони оширилиб, улар учун қулай шароитларга эга бўлган ички ишлар органлари таянч пунктлари ташкил этилди.

Шунингдек, профилактика инспекторлари нуфузини ошириш ва хизматни самарали ўташларини таъминлаш мақсадида зарур коммунал-маиший шароитларга эга бўлган, замон талаблари ва стандартларига тўла жавоб берадиган қулай хизмат уй-жойи билан таъминлаш мақсадида президентнинг 2017 йил 20 апрелдаги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор талаблари асосида профилактика инспекторларига ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан оила аъзолари билан яшашлари учун барча қулайликларга эга бўлган хизмат уйлари ажратилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 август кунидаги қарорига асосан узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автоуловлар олишлари учун шароит яратилди.

Шаҳрисабз шаҳрининг Амир Темур хиёбонида эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли, шу билан бирга масъулиятли хизматни ўташга қасамёд қилиш учун қад ростлаб турган навқирон, мард, жасур профилактика инспекторларни кўрган ҳар бир киши уларга ҳавас билан қараётгани аниқ. 

Фото: ИИВ 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси О.Муродов, ички ишлар вазири генерал-майор П.Р.Бобожонов, Олий Мажлис Сенати раиси Н.Т.Йўлдошев, бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Нарбаева, “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Жалилов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши бошқаруви раиси Ш.Жавлонов ва Қашқадарё вилоят ҳокими З.Рўзиевлар қатнашди.

Мавзуга оид