Шавкат Мирзиёев 19 июн куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга поездда борди ва маҳаллий фаоллар билан мулоқотда бўлди.
Суҳбатда ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти, бугунги тинчлик қадри ҳақида сўз борди.
Президент иқтисодиёт ривожи, аҳоли кайфиятида йўлларнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб, бу борада мутасаддиларга топшириқлар берди. Охирги 2 йилда юртимизда 40 минг километр йўл ва 540 та кўприк таъмирланган. Бу йил Қашқадарёда жами 100 километр магистрал йўллар таъмирланиши режалаштирилган. Бу лойиҳаларни тезлаштириш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.


Фаоллар бу ўзгаришларни халқимиз ўз ҳаётида сезаётгани, ислоҳотларга юқори баҳо бераётганини айтди. Хотин-қизлар вакили барча соҳаларда аёлларга кенг имкониятлар берилгани, натижада улар ўз оиласи ва меҳнат жамоаларида қадр топиб, ҳаётидан рози бўлиб яшаётганини сўзлаб берди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз шаҳридаги кўп тармоқли кардиология маркази фаолияти билан танишди.

Россиялик тадбиркор билан ҳамкорликда ташкил этилган «Оқ сарой» клиникаси яқинда ишга тушди. Бу ерда 4 та жарроҳлик ва 6 та реанимация хоналари, 100 дан ортиқ шифо ўринлари мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 4 та ва кунига 25 тагача юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилган. Бунинг учун Россия, Туркия ва Кувайтдан малакали шифокорлар ишга жалб этилган. Стентлаш, аорта коронар шунтлаш, туғма нуқсонларни бартараф этиш, эндопротезлаш каби даволар самараси юқори.
Марказ юқори аниқликда ташхис хизмати ҳам кўрсатади. Масалан, замонавий эхокардиография ускунаси сунъий интеллект ёрдамида ишлайди. Бунақаси ҳозирча Ўзбекистонда ягона.
Давлат раҳбари бундай инновацион клиникалар тиббиётда сифат ва дунёқарашни ўзгартириши, бошқаларни ҳам трансформацияга ундашини таъкидлади.








