Жаҳон | 20:35 / 05.12.2017
22849
2 дақиқада ўқилади

Томлар бўйлаб қочаётган Саакашвили мемга айланди

Фото: Reuters

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украина махсус хизматларидан қочишга уриниб уйининг томига чиқиб олгани мемларга айланди. 

Киев марказида намойишлар ташкиллаштирган ва Украина президенти импичментини талаб қилаётган сиёсатчи махсус хизматлардан қочиб, 8 қаватли уйнинг томига чиқиб олган ва пастга сакраш билан таҳдид қилган. Бироқ у ушланган. Саакашвилининг ушланиши видеоси ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ҳазил-мутойибаларига сабаб бўлди. 

Баъзи фойдаланувчиларга ушбу видеога “Бенни Хилл шоуси” комедик дастурининг мусиқаси идеал тўғри келадигандек туюлган.  

Том бўйлаб қочмоқчи бўлган Саакашвили колумбиялик наркобарон Пабло Эскобарга ҳам қиёсланди. Бир вақтлар дунёнинг энг қудратли наркобарони ҳисобланган Эскобар 1993 йилда Медельинда махсус хизматлардан томлар бўйлаб қочиш вақтида мерган томондан отиб ўлдирилган. 

Бироқ кўп ҳазиллар “томда яшовчи Карлсон” билан боғланди.

Саакашвилини қўлга олишда Украина хавфсизлик хизматининг 10 дан кўпроқ ходими иштирок этди. 5 декабрда улар Саакашвилининг уйига тинтув ўтказгани келишганда, сиёсатчи қочиб, уйи томига чиқиб олган. Кейинроқ Саакашвили ушланиб, олиб кетилмоқчи бўлганда, унинг тарафдорлари у ўтқазилган автомобилни тўсиб олиб, унинг озод қилинишига эришишган. Шундан кейин Саакашвили тарафдорлари билан бирга Олий рада биноси томон йўл олган.

Мавзуга оид