13:45 / 11.12.2017
29321

Қозоғистонда Россия телеканаллари ўчириб қўйилди

Фото: Zakon.kz

"Казахтелеком" акциядорлик жамияти 11 декабрдан Россия телеканалларининг ретрансляциясини тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабарида айтилади.

Бундай қарорга ретрансляция учун ҳуқуқлар нархининг оширилганлиги сабаб бўлди. Рўйхатдан "НТВ-Мир", "РТР-Планета", "Россия-24", "Россия-Культура" телеканаллари жой олган.

"Бу телеканаллар Россия Федерацияси ҳудудида барча аҳолига кенг, мажбурий тақдим этилувчи каналлар рўйхатига киради ва Россияда ретрансляция учун пул олинмайди. Собиқ СССР ҳудудидаги қатор давлатларда пулли телевидение операторлари ҳам кўрсатилган каналлар контентидан фойдаланиш учун харажатларни ўз бўйнига олмайди", - дея хабар беришган "Казахтелеком" АЖдан.

Компаниядан маълум қилишларича, музокараларни давом эттириш ниятидалар, бироқ шартномалар бўйича аввалги шартларни сақлаб қолишга ҳаракат қилишади. Акс ҳолда бу хизматдан фойдаланаётган абонентлар учун нархнинг ошишига олиб келиши мумкин. "Казахтелеком" матбуот хизматидан таъкидлашларича, Қозоғистон томони абонентлик тўлови ҳажмини аввалги даражада қолдириш имконини берадиган муқобил вариантларни таклиф қилган. Бироқ Россия уларни қабул қилмади, дея хабар беради Open Asia. 

Top