Жаҳон | 19:10 / 12.12.2017
38081
2 дақиқада ўқилади

Эрон мусулмон мамлакатларга чақириқ билан чиқди

Фото: Fotolia

Эрон парламенти мусулмон мамлакатларни Исроил билан дипломатик алоқаларни узишга ва АҚШ билан иқтисодий муносабатларни минимал даражага қадар камайтиришга чақирди. Бу Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампнинг ал-Қудс бўйича қабул қилинган қароридан сўнг юз берди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ўтган ҳафтада ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олишини маълум қилди ва Америка элчихонасини Тель-Авивдан шу шаҳарга кўчириш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

"Биз, Ислом маслаҳатлашув мажлиси (Эрон парламенти – таҳ.) вакиллари барча мусулмон мамлакатлардан сионистик режим билан дипломатик муносабатларни узиш, шунингдек АҚШ билан иқтисодий алоқаларни минимал даражага туширишни сўраймиз", - дейилади баёнотда. Унга 290 кишилик парламентнинг 235 аъзоси имзо чеккан.

Эронлик қонун чиқарувчиларнинг баёнотда таъкидлашларича, АҚШ ўз қарори билан “Яқин Шарқдаги тинч жараён тобутига сўнгги михни қоқиб қўйган”.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар етакчисининг қарори Исроилда ижобий қабул қилинди, жаҳоннинг кўплаб давлатлари, биринчи навбатда Яқин Шарқ мамлакатлари ҳамда Фаластин томонидан эса салбий реакцияга сабаб бўлди. Бутун мусулмон дунёсида, шунингдек Исроилнинг ўзида ҳам норозилик намойишлари бошланди, уларда юзлаб одамлар жабрланди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид