АҚШ Марказий қўмондонлиги Америка ҳарбийлари халқаро сувларда савдо кемаларига қайта бошланган ҳужумларга жавобан жиддий талафот етказиш мақсадида Эронга бир қатор «кучли» зарбалар берганини маълум қилди.
«Зарбалар Эроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган учта савдо кемасига қилган ҳужумига жавобан берилди. Эрон томонининг тажовузи асоссиз ва хавфли бўлиб, ўт очишни тўхтатиш режимининг очиқдан очиқ бузилиши эди», – дейилади баёнотда.
Сешанба куни Ҳўрмуз бўғозида иккита, душанба куни эса яна бир танкер ҳужумга учраганди. Қатар Эронни суюлтирилган газ ташувчи танкерга ҳужум қилишда айблади; кема машина бўлинмасида ёнғин юзага келган. Экипаж аъзолари эвакуация қилинган, Reuters манбалари хабар беришича, ёнғин портлашга олиб келиши мумкин эди. Шунингдек, ОАВ Ўмон қирғоқлари яқинида Саудия Арабистони байроғи остида сузган танкер шикастлангани ҳақида ҳам хабар берди. Теҳрон бу ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
АҚШ ҳарбийлари Эроннинг ҳаво мудофааси ва соҳил кузатуви тизимлари, шунингдек, ракета ва дронларни учириш қурилмалари ҳамда порт иншоотларига зарба берди, дея маълум қилган ОАВга Америка расмийси.
Кейинроқ Марказий қўмондонлик янги зарбалар сериясини якунлагани ва 80 дан ортиқ нишонлар – ҳаво мудофаа тизимлари, бошқарув пунктлари, соҳил радиолокацион станциялари, кемага қарши ракета тизимлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг кичик катерларини йўқ қилганини маълум қилди.
Axios манбаси сўзларига кўра, янги зарбалар июн ойи охирида берилган сўнгги зарбаларга қараганда тўрт-беш баравар кучлироқ бўлган. CNN суҳбатдоши эса бу зарбаларни «жазо» деб атаган ва зарбалар давом этишини қўшимча қилган.
Эрон давлат нашрлари Бандар-Аббос ва Сирик порт шаҳарларида, шунингдек, Кешм оролида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берди.
Тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар йўқ, Сирикдаги порт ҳудудига тушган снаряд парчалари туфайли бир неча киши жароҳатланган.
Сирик ва Бандар-Аббосдаги балиқчилик пирслари (кемаларга юк ортиш ва тушириш, шунингдек, йўловчиларни чиқариш учун қурилган, сув ичкарисига кириб борган гидротехник иншоот, причал) ҳужумга учраган, бир неча балиқчилик кемалари ёниб кетган. Эроннинг IRIB давлат телеканали хабар беришича, бу ҳужум нишони Бандар-Аббосдаги телекоммуникация минораси бўлиши мумкин.
Press TV канали ҳам Эрон нефтининг асосий экспорт маркази бўлган Харк оролида «бир неча портлашлар» эшитилгани ва Кешм оролида янги портлашлар тўлқини ҳақида хабар берди.








