20:05 / 12.12.2017
29581

Ўзбекистон пансионатлар туфайли Қирғизистонни халқаро арбитражга берган

Фото: tktrio.kz

Ўзбекистон Қирғизистоннинг тўртта пансионатни ўз эгалигига олиб қўйиш бўйича қарори туфайли АҚШдаги халқаро арбитражга даъво аризаси билан чиққан. Бу ҳақда бугун Қирғизистон Республикасининг иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича парламент қўмитаси йиғилишида маълум қилишган.

Аввалроқ, Қирғизистон Республикаси собиқ бош вазири Темир Сариевнинг қарори билан 2016 йилнинг апрелида Қирғизистон ҳудудидаги тўртта пансионат - «Золотые пески», «Роҳат НБУ», «Дилором» ва «Бўстон» Қирғизистон юрисдикцияси остига ўтганди. Ўзбекистон бу қарорни судга берди. Айни дамда у АҚШда кўриб чиқилмоқда.

Қирғизистон Республикаси собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида ушбу тўртта пансионат бўйича келишувга эришилди. Республика ҳукумати баҳсга ечим топиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан битим имзолашни таклиф этмоқда. Янги ҳужжатга кўра, пансионатлар жойлашган ерлар Қирғизистон Республикасига тегишли бўлишда давом этади, бироқ мулкнинг ўзи Ўзбекистон ихтиёрига ўтиши лозим. Ўзбекистон расмийлаштиришдан сўнг пансионатларни йил давомида ишлайдиган ва ишчиларининг 30 фоизи Қирғизистондан бўлган 3-4 юлдузли меҳмонхонлар даражасига етказиши керак. 

Томонлар бундай битим имзоланганидан сўнг тегишли шартномага қўл қўйишади, ҳамда халқаро арбитраждаги баҳс ёпилади. Ўзбекистон собиқ СССР давлатлари ўртасида 1992 йилда имзоланган битимнинг бузилиши туфайли судга мурожаат қилди. Битимда собиқ Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин бошқа давлат ҳудудида қолиб кетган объектлардан фойдаланиш назарда тутилган.

Top