Жамият | 18:45 / 13.12.2017
18145
4 дақиқада ўқилади

БААга қизларни олиб кетишга уринган “одамфуруш” аёллар ушланди

Суд залидаги панжара ортида ўтирган икки аёлнинг кўзлари намланган – бу уларнинг қилмишларидан пушаймонликларини англатиб турарди. Ноила Рафиқова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда Муниса Турмоноваларга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Энди улар умрларининг бир неча йилини сим тўрлар ортида ўтказишга мажбур, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Маълумки, одам савдоси – инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчиликдир. Айни кунда ушбу жиноят тури ўз гирдобига асосан ёшлар ва аёлларни тортаётганлиги барчада ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Унинг тўрига илинган инсоннинг эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига путур етади, турли хўрлик ва камситишларга дучор этилади. Ушбу жиноий фаолият ортида мажбурий меҳнат, қуллик, мажбурий донорлик, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ қилмишлар мужассамдир. Афсусланарлиси, одам савдосининг мана шундай оғир оқибатлари ҳақида қанча гапирилмасин, фуқароларимиз ҳамон унинг гирдобига тушиб қолмоқдалар. 

Баҳорнинг серёғин кунларидан бирида Ноила Шаржа шаҳрида таниши Мунисага қўнғироқ қилади. Суҳбат давомида чет элда ишлаш хоҳиши бўлган ёш аёллардан танишлари бўлса, катта маош тўланадиган иш бор, дея Мунисани қизиқтиради. “Ҳар бир топган одамингиз учун сизга ҳам ҳақ берилади”, дейди Ноила. Шундан сўнг Муниса бу “янгилик”дан барча танишларини хабардор қила бошлайди. “Қандай иш билан шуғулланамиз”, деб савол берганларга, “дўконда тақинчоқ сотасизлар”, деб жавоб бериб, ёлғон гапиради. Аслида жиноий гуруҳга бирлашган бу кимсаларнинг нияти бошқа эди. Кўп ўтмай, унинг тузоғига Надежда Торбина ҳамда Алиса Волкова илинишади. Икки аёл Мунисанинг ёлғонларига ишонишади. Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ишлашга рози бўлишади. Бироқ, хорижга чиқиш учун пуллари йўқлигини айтганларида, Муниса бу ҳақда маълум қилиб, дарҳол Ноилага смс-хабар жўнатади. “Бу томонидан хавотир олманг. Уларга тушунтиринг, биз харажатларни кўтарамиз. Улар бу ерга келгач, қарзларини узишади”, дейди Ноила смс-хабарни олгач, қўнғироқ қилиб.

Орадан бир ой ўтгач, хорижга чиқиш учун аёлларнинг ҳужжати тайёр бўлади. Белгиланган куни Муниса уларни Тошкент халқаро аэропортидан БААнинг Шаржа шаҳрига кузатиб юбориши керак эди. Шукрки, ундай бўлмади. Ушбу ҳолатдан хабар топган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мазкур жиноятга чек қўйишди. М.Турмонова қўлга олинди. Тергов жараёнида унинг асл мақсади ошкор бўлди. Бу кимса Н.Торбина ҳамда А.Волковани Шаржа шаҳрига кузатиб қўйиши, у ерда аёлларни Н.Рафиқова кутиб олиб, улардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланишни кўзлаган экан.

Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган қидирув ишларида жиноий гуруҳнинг иккинчи аъзоси ҳам ушланди. Суд одам савдосига қўл урган Н.Рафиқова ва М.Турмоновага саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Инсоннинг шахси ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Инсоний қадриятларга топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир. Бироқ, яна бир ҳақиқатни ҳам унутмаслик керак. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаган, қонунлар моҳиятини чуқур тушунган, юксак ҳуқуқий маънавиятли киши ҳеч қачон жабрланувчига айланмайди.

Мавзуга оид