«РБ Лейпциг» ҳужумчиси Тимо Вернер – Германияда кейинги икки мавсумда энг тўпурар немис бўлиб турибди (Бундеслига учрашувларида 29 гол). У ҳали 21 ёшда, аммо у беш мавсумдан буён ўсиб келмоқда. У Германия терма жамоасига ёзда Конфедерациялар кубогини қўлга киритишда ёрдам берди, турнирда 3 гол муаллифи бўлди.

Кейинги ярим йил мобайнида уни Мадриднинг «Реал» клуби кузата бошлади.

***

5 йил олдин Тимо футболдан кетмоқчи бўлганди. У ўша мавсумда «Штутгарт» (U-17) таркибида 24 гол урган, ёшлар жамоасини бундеслига кубоги финалига олиб чиққан ва катта ғалабадан умид қилмоқда эди. Аммо муҳим учрашувда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлинди ва соврин Берлинга кетди.

Вернер чўкиб қолди. У икки ҳафта кароватидан турмади ва деярли ҳеч нарса емади: «Мен футболга алоқадор бўлишни истамайман. Менимча, бу мен учун эмас. Ҳаммаси жонимга тегди».

Аммо янги мавсум бошланганида, Вернер машғулотларга қайтди – у футболсиз яшай олмаслигини англаганди.

Тимо онасининг фамилиясида, чунки унинг ота-онаси турмуш қуришмаган. Отаси – Гюнтер Шух – ярим профессионал даражада футбол ўйнаган, кейинроқ мураббий бўлган. У бўш вақтида ўғлига билганларини ўргатарди. У туфайли Тимо «Штутгарт» мактабига қатнади ва болалар жамоасидаги тўпурар ҳужумчи бўлди. 13 ёшида Вернер ўзидан катталар билан шуғулланишни истаб қолди: унга ўз тенгдошлари билан ўйнаш қизиқ бўлмай қолганди. Унга баъзан рухсат беришарди.

*** 

14 ёшида Вернерни Германия ўсмирлар жамоасига чақиришди, у дебют учрашувида Польша дарвозасига ҳет-трик қайд этди. Бир ярим йил ўтиб Тимо ўсмирлар терма жамоасида 21 гол урганди. Унга Фриц Вальтер номидаги олтин медаль топширишди. Германиянинг энг яхши ёш футболчиси учун таъсис этилган бу мукофотга ўз вақтида Марио Гётце, Леон Горетцка ва Эмре Жан ҳам муносиб кўрилганди.

Унинг ривожланишида отаси муҳим ўрин тутган. Отаси Тимо билан мактабга ва машғулотларга бирга борар, йўлда унга билганларини ўргатиб кетарди. Таълим оила учун муҳим эди: Вернер дарсларни қолдирмасди, ҳатто у жамоанинг асосий таркибига ўтказилганидан кейин ҳам дарсларга қатнашда давом этган. «Штутгарт ҳали мактабдалигимда мен билан шартнома имзолади. Мен фақат футбол билан шуғулланишим ҳам мумкин эди, аммо ойим мен мактабни тамомлашимни истарди. Бу тўғри ҳам эди. Мен энди уни ранжитмаганимдан ғурурланаман», – дея ҳикоя қилади Вернер.