21:30 / 13.12.2017
6070

Ўзбекистон ва Қирғизистон бизнес-форумида 140 млн долларлик ҳужжатлар имзоланди

Бугун, 13 декабрь куни Тошкентда ўтказилган ўзбек-қирғиз бизнес-форуми ва кооперация биржаси якунида 140 миллион долларлик 60га яқин ҳужжат имзоланди. Ушбу тадбирлар Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Бизнес-форумда Қирғизистоннинг турли иқтисодий соҳаларида фаолият кўрсатувчи 100дан зиёд компанияси қатнашди.

Форум вақтида Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми ўсиб бораётганини таъкидлади. Унинг маълумотига кўра, йил бошидан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо ҳажми 60 фоиздан зиёдроққа ўсган ва 200 миллион долларни ташкил этган. У қатъий шартномалар эвазига бу миқдорни йил охирига қадар 250 миллион долларга етказиш мумкинлигини қайд этган.

Вазир Ўзбекистон Қирғизистонга енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги ва йўл техникасининг кенг ассортименти, барча турдаги минерал ўғитлар, электротехника ва кабел-ўтказиш маҳсулотлари, маиший техника, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтиришга тайёрлигини қайд этиб ўтди.

Хўжаев Ўзбекистон ва Қирғизистон бугунги кунда Қирғизистон ҳудудида ўзбек қишлоқ хўжалик техникалари, автомобиллар, автобуслар, махсус прицепли техникалари, кир ювиш машиналарини йиғишни ташкил этиш, шунингдек, тўқимачилик ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш устида иш олиб бораётганини қайд этган.

Ўз навбатида, Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш салоҳиятига эга эканини айтиб ўтди. У Қирғизистон томони Ўзбекистон бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, асал, картошка, пиёз, сут ва гўшт маҳсулотларини етказиб беришга тайёрлигини қайд этиб ўтган.

У мамлакатлар молиявий муассасалар соҳасида фаол ҳамкорлик қилиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган.

Бизнес-форум якунлари бўйича 140 млн долларлик 60га яқин ҳужжат имзоланди. Бундан ташқари, 2017−2019 йилларда савдо-иқтисодий, инвестицион транспорт-коммуникацион ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» савдо молиялаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида доиравий келишувга эришилди.

Top