Жаҳон | 17:41
1295
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Россиянинг бензин экспортини тақиқлаши ортидан Ўзбекистондан ёқилғи сўради

Расмийлар нафақат Россия, балки Беларус, Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан ҳам ёқилғи импорти бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Фото: Қирғизистон энергетика вазирлиги

Қирғизистон Россиянинг бензин ва авиакеросин экспортини тақиқлаши ортидан 5 та давлатга барқарор ёқилғи етказиб беришни таъминлаш бўйича расмий мурожаат юборди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Расмийлар нафақат Россия, балки Беларус, Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан ҳам ёқилғи импорти бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Қирғизистон деярли тўлиқ Россия ёқилғисига боғлиқ. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, йиллик 1,6 миллион тоннага яқин ёқилғи-мойлаш материалларининг 90-95 фоизи Россиядан импорт қилинади, бензин бўйича эса Россия улуши деярли 100 фоизга етади.

«Қирғизистон ёқилғи-мойлаш материалларининг асосий қисмини импорт қилади. Шу муносабат билан жаҳон энергетика бозоридаги ўзгаришлар, жумладан, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик, халқаро логистикадаги хатарлар ва жаҳон нефт нархларининг ошиши кўплаб бошқа давлатлар бозорлари каби мамлакат ички бозорига ҳам таъсир кўрсатмоқда», дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Вазирликнинг таъкидлашича, бугунги кунда республикада ёқилғининг етарли захиралари шакллантирилган ва илгари тузилган шартномаларга мувофиқ таъминот мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Тақчилликнинг олдини олиш учун ҳукумат таъминотни диверсификация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шу билан бирга, ҳукумат ички имкониятларни кенгайтириш билан шуғулланди. Хусусан, Чуй вилоятидаги «Жунда» нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) раҳбариятига бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш топширилди.

2026 йил 2 апрелдан бошлаб Россияда бензин экспортини тўлиқ тақиқлаш, 30 майдан эса авиакеросин экспортини тақиқлаш жорий этилди. Расмий равишда, чекловлар Қирғизистон аъзо бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (EОИИ) мамлакатларига ва ҳукуматлараро битимлар бўйича етказиб беришга тааллуқли эмас. Бироқ, 2025 йил октябрь ойидан бошлаб Россия ҳукумати бу таъминотни квоталар билан чеклади. 28 июнь куни ёқилғи бозори масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда президент Владимир Путин энг йирик нефтни қайта ишлаш заводлари қувватидан максимал даражада фойдаланилаётганини, ўрта ва кичик заводлар салоҳияти ишга туширилганини, жорий таъмирлаш муддатлари қисқартирилганини, режалаштирилганлари эса кечиктирилганини маълум қилди.

Мавжуд ёқилғи захиралари Россиянинг ички бозорига йўналтирилган. Шунга қарамай, ёқилғи-мойлаш материаллари тақчиллиги бутун мамлакат бўйлаб сезилмоқда. Reuters маълумотларига кўра, Москва ҳатто Қозоғистондан ёрдам сўраб, 50 минг тоннага яқин Аи-92 бензинини импорт қилиш бўйича музокараларни бошлаган. Астана расмий сўров фактини рад этмоқда. Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россияга бензин етказиб беришни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди, аммо фақат Россия ҳукуматининг расмий мурожаати, ўзаро манфаатли тижорат шартларига риоя қилиш ва эркин ёқилғи ҳажми мавжудлиги шарти билан, чунки Қозоғистон учун ўз ички бозори устувор бўлиб қолмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид