Технология | 16:31 / 16.12.2017
3678
2 дақиқада ўқилади

Австралияда қуёш энергиясида ҳаракатланувчи илк поезд ишга туширилади 

Фото: Byron Bay

Австралияда қуёш энергиясида ҳаракатланувчи поезд ишга туширилмоқчи. Поезд йўналиши 3 км дан иборат бўлади. Бу ҳақда Electrek маълум қилди. 

Поезд эски йўловчи поездининг модернизацияланган версияси ҳисобланади. Аввал унда иккита дизель двигатели бўлган, эндиликда улардан бири электродвигатель ва батареяга алмаштирилган, иккинчиси эса захира энергия манбаи сифатида қолдирилган.

Таъкидланишича, 77 кВт-соат сиғимга эга батареялар поезднинг кун давомида ҳаракатланиши учун етиши керак. Батарея поезд томидаги қуёш батареяларидан ва станцияларда қувватланади. Поезднинг илк қатнови шу дам олиш кунларига белгиланганди. Поезд январгача синов режимида ишлайди ва ҳар рейсда 100 йўловчигача ташийди. Поездда юриш нархи 3 АҚШ долларини ташкил қилади. 

Ҳозир тикланувчи энергияда ишловчи поездлар мавжуд, бироқ уларнинг аксарияти энергияни электр тармоғидан олади. Мисол учун, Нидерландияда электр поездлар 100 фоиз шамол энергияси ҳисобига қувватланади. Ҳиндистонда эса “қуёш батареясида ишловчи поезд” дизель локомотиви ҳисобига ҳаракатланади, қуёш энергияси эса поезддаги кондиционер ва чироқлар учун ишлатилади.

Мутахассисларнинг фикрича, барча транспорт турларидан айнан темир йўл транспорти қуёш энергиясини ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан истиқболлидир, жумладан станцияларда тўхтаб туриш эвазига. Бундай тўхташлар вақтида батареяни қувватлаб олиш мумкин бўлади. 

Кўплаб компаниялар тикланувчи энергияда ҳаракатланувчи поездларга қизиқиш билан қарайдилар. Бироқ бунда кўпроқ водороддан фойдаланиш мўлжалланган. Мисол учун, 4 йилдан кейин Германияда Alstom компаниясининг водород поездлари қўллана бошлайди.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид