Ўзбекистон | 21:30 / 18.12.2017
51955
3 дақиқада ўқилади

Озиқ-овқат импортёрларига тақдим этилган имтиёзлар бекор қилинади

2018 йилнинг 1 февралидан Ўзбекистонда алоҳида хўжалик субъектларига мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш бўйича тақдим этилган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар бекор қилиниши режалаштирилмоқда. Бу президентнинг Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш истиқболлари бўйича чоралар тўғрисидаги фармони лойиҳасида акс этган. Бош прокуратура томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси муассаса сайтида ва Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилган.

Ҳужжатда «алоҳида хўжалик субъектларининг озиқ-овқат маҳсулотлари импорти бўйича монополлашуви, носоғлом рақобатнинг сақланиб қолингани, айрим товарлар тақчиллигини сунъий равишда вужудга келтириб, улар нархининг асоссиз равишда кўтарилиши учун шароитларни келтириб чиқарувчи жиддий тизимли муаммолар мавжудлиги» қайд этилган.

«Алоҳида импортёрлар учун тақдим этилган индивидуал имтиёз ва преференциялар, шунингдек, улар учун яратилган қулай шароитлар бозорга бошқа тадбиркорлик субъектлари киришини чеклаган», дея тан олинади фармон лойиҳасида.

Экспертларнинг фикрича, вужудга келган вазият Ўзбекистоннинг ишбилармонлик фаоллиги ва инвестицион жозибадорлигини жиддий даражада пасайтириб, мамлакатнинг халқаро майдондаги репутациясига жиддий зарар етказади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига айрим хўжалик субъектларига мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш бўйича тақдим этилган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлари бериш бўйича қарорлар қабул қилиш тақиқланади.

Бундан ташқари, ҳукумат озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчиларини қидириш ва жалб этиш, улар учун бозорга киришда тенг имкониятлар ҳосил қилиш, шартномалар тузиш, олиб кирилган маҳсулотларларни ташиш ва сақлашда кўмаклашиш чора-тадбирлари бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак бўлади.

Лойиҳа муҳокамасида исталган жисмоний ва юридик шахс қатнашиши мумкин бўлади. Жамоатчилик муҳокамаси давомида олинган мазмунли таклиф ва тузатишлар экспертлар томонидан шарҳланади ва муҳокама ташкилотчилари томонидан ўрганиб чиқилади. Мазкур ҳавола орқали муҳокамада иштирок этиб, ўзбек ёки рус тилида изоҳ/фикр қолдириш мумкин.

Бундан аввалроқ, президент фармонига кўра барча турдаги товарларга экспорт божхона божлари ва товарларни экспорт қилишни лицензиялаш бекор қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид