Жаҳон | 08:48
1723
3 дақиқада ўқилади

Қумга бой Саудия нега қум импорт қилмоқда?

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари каби чўлларга бой давлатлар йирик қурилиш лойиҳалари учун қумни хориждан импорт қилишга мажбур. Сабаб эса қумнинг миқдорида эмас, балки унинг физик хусусиятларида.

Фото: Очиқ манбалар

Бир қарашда бу ҳолат ғалати туюлади. Дунёдаги энг катта қумли чўллардан бири ҳисобланган Рубъ ал-Холий чўлига эга Саудия Арабистони қурилиш қуми учун Австралиядан маҳсулот сотиб олмоқда. Мамлакат ҳатто қурилиш қуми импорти учун юз минглаб доллар сарфлаган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чўл қуми бетон ишлаб чиқариш учун деярли яроқсиз ҳисобланади. Сабаби шамол таъсирида минглаб йиллар давомида силлиқланган қум заррачалари юмалоқ ва текис шаклга эга бўлади. Бундай заррачалар цемент билан яхши бирикмайди ва мустаҳкам бетон ҳосил қилмайди.

Қурилиш соҳасида эса дарё, кўл, денгиз туби ёки карерлардан олинган қум юқори баҳоланади. Чунки сув ва механик таъсир натижасида ҳосил бўлган заррачалар ўткир қиррали бўлиб, цемент билан мустаҳкам боғланиш ҳосил қилади.

Мутахассислар чўл қуми хусусиятларини подшипник шарикларига қиёслайди. Улар бир-бирига маҳкам ёпишиш ўрнига сирпаниб кетади. Шу боис бундай қумдан тайёрланган бетон тезроқ ёрилади ва оғир юкламаларга бардош бера олмайди.

Бу эса Саудия Арабистонида қурилаётган улкан мегалойиҳалар учун жиддий муаммо ҳисобланади. Жумладан, мамлакатнинг футуристик The Line (“Кўзгу чизиғи”) шаҳри, осмонўпар бинолар ва йирик инфратузилма объектлари учун махсус қурилиш қуми талаб этилади.

Шу сабабли Форс кўрфази давлатлари қумни асосан Австралия каби мамлакатлардан импорт қилади. Австралия геологик шароити туфайли қурилиш учун мос бўлган ўткир қиррали қум захираларига бой ҳисобланади.

Қумга бўлган талаб нафақат Саудияда, балки бутун дунёда ортиб бормоқда. Масалан, Дубайдаги Бурж Халифа қурилиши учун юз минглаб куб метр бетон сарфланган бўлиб, унинг катта қисми учун импорт қилинган қумдан фойдаланилган.

Шунингдек, БААдаги машҳур Палма Жумайра сунъий оролини барпо этиш учун 94 миллион куб метр денгиз қуми қазиб олинган. Лойиҳа учун ҳам атрофдаги чўл қумлари эмас, махсус танланган қурилиш қуми ишлатилган.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури маълумотларига кўра, инсоният ҳар йили тахминан 50 миллиард тонна қум ва шағал қазиб олади. Бу кўрсаткич 1970 йилда атиги 9,6 миллиард тоннани ташкил этган.

Мутахассислар қум XXI асрда нефт, газ ва металлар қаторида стратегик аҳамиятга эга ресурслардан бирига айланаётганини таъкидламоқда. Чунки замонавий шаҳарлар, кўприклар, йўллар ва осмонўпар бинолар қурилиши айнан сифатли қурилиш қумига боғлиқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид