2017 йил Ўзбекистон учун сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланиши йили бўлди. Қўшни — Марказий Осиё — давлатлари республиканинг ташқи сиёсатида бош устуворликка айланди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва соҳа вазирларининг минтақа давлатлари раҳбарлари билан кўплаб учрашувлари бундан гувоҳлик бериб турибди. Бу мулоқотларнинг бош мавзуси — барча соҳаларда, аввало, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликдир. Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов «Очиқ осиё онлайн»га Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун бундай интеграция нега бу қадар муҳимлиги ҳақида ҳикоя қилиб берди.

— Мана, бир йилдан ортиқ вақт ўтдики, Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиё минтақасида фаол интеграция сиёсатини юритиб келмоқда. Республика учун бу нега муҳим?

— Ўз чиқишларимда Ўзбекистон учун ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ҳам минтақавий интеграция жуда фойдали ва зарур эканлигини бот-бот таъкидлаб келаман. Қисқача қилиб айтадиган бўлсам, буларга қуйидаги далилларим бор.

1. Минтақавий интеграция Марказий Осиё давлатларига минтақалараро меҳнат тақсимотидан қўшимча даромад олиш имконини беради.

Ҳар қандай давлат ўзи нисбий сарф-харажатлар бўйича устунликка эга бўлган товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришга ихтисослашишдан фойда кўради. Ишлаб чиқаришда ўзи ихтисослашган маҳсулотни экспорт қилар экан, мамлакат ўзи ишлаб чиқариши бефойда бўлган товарларни харид қилади. Бунинг натижаси ўлароқ, истеъмол имкониятлари кенгаяди, аҳолининг турмуш даражаси ошади.

Минтақа мамлакатларида халқаро меҳнат тақсимоти ва кооперация устунликларидан фойдаланишга асосланган ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик учун улкан захиралар мавжуд. Ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг аксариятида бош муаммо — миқёс кетидан иқтисод қилинишига изн бермайдиган тор ўтказиш бозоридир. Бозорнинг чекланганлиги сифати кўнгилдагидек бўлмаган ва кучсиз товар чизиғига эга бўлган кичик-кичик ярим қўлбола ишлаб чиқаришни яратади. Минтақавий интеграция эса маҳсулотларни ўтказиш бозорини жузъий тарзда кенгайтириб, рақобатбардош ишлаб чиқариш корхоналарининг ўсишига замин яратади.