Ўзбекистон | 23:35 / 22.12.2017
62866
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар​ вазири тизимни нопок, бефарқ ва порахўр ходимлардан тозалашини билдирди

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни кучайтириш, ходимларни тарбиялаш, ички ишлар органлари таркибига адашиб кириб қолган бефарқ, масъулиятни тўла англамасдан, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабабчи бўлаётган нопок, тамагир, порахўр ва бошқа ички ишлар органлари ходими, деган номга доғ тушириши мумкин бўлган салбий ҳаракатларни содир этишга мойил ходимлардан воз кечиш бўйича манзилли чора-тадбирлар бажарилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Сенатнинг XIII ялпи мажлисидаги нутқида билдириб ўтган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазир ҳисобот даврида хизмат интизомини бузгани учун 7000дан зиёд ходимлар интизомий жазога, жиноят содир этгани учун 201 нафар шахс жавобгарликка тортилганини маълум қилган.

«Ушбу жиноятларнинг 66таси порахўрлик, 33таси эса фирибгарлик ҳолатлари бўйича юз бергани аниқланган. 2017 йилнинг мос даври юзасидан, 37та жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш, 601та жиноий иш қўзғатиш ҳолатларини ноқонуний рад этиш юз берди. Бу юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган кескин чоралар қўлланилди. Ҳозирда ҳар бир жиноятни ўз вақтида ҳисобга олиш, шунингдек, қайдларнинг кундалик назорати йўлга қўйилди», деб таъкидлаган вазир.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов келгусида шахсий таркиб ходимларининг малакасини ошириш, кадрларнинг муомала маданияти, масъулиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишини билдирди.

«​2018 йил 1 январдан бошлаб, хизмат интизомини қўпол равишда бузган, хизмат вазифасига масъулиятсиз ёндашган ёки унумсиз иш кўрсаткичига эга бўлган ходимга тўланадиган маошининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима қўлланилади»​, дейди Пўлат Бобожонов.

Мавзуга оид