Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда йирик кибержиноятчилар гуруҳи қўлга олинди
Иккита Call-markaz’да чет тилларини яхши биладиган 140 нафарга яқин йигит-қизлар фаолият юритган. Улар орасида талабалар ҳам бор. Call-markaz ходимлари чет давлатлар фуқароларига сохта рақамлар орқали қўнғироқ қилиб, трейдерлик ниқобида инвестиция тариқасида криптоактивларни ўтказма қилишга эришган. Уларнинг ҳар бири кунига юзлаб қўнғироқни амалга оширган.
ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан йирик жиноий тармоқ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбирлар давомида Тошкент шаҳрида иккита йирик Call-markaz фош этилган.
Жумладан, Яшнобод туманида жойлашган бизнес марказлардан бирининг 6-қаватида ўтказилган тинтув-тергов тадбирлари давомида бинога жойлашиб олган Call-markaz’да жами 97 нафар шахс аниқланган. Уларнинг 5 нафари чет эл фуқаролари.

Тезкор тадбирлар Яккасарой туманида ҳам давом эттирилган. Бизнес марказ биносининг 11-қаватидаги Call-markaz’да 34 нафар шахс фаолият олиб бораётгани, уларнинг 3 нафари эса чет эл фуқаролари экани аниқланди.
Call-markaz’ларда бошқарувчи, ташкилотчи, ёрдамчи, жамоа сардорлари ва операторлар бўлган. Улар ойига 70 фоизгача даромад орттиришга қизиқтирувчи контентлар акс этган фишинг ҳаволалар тайёрлаб, Канада, Буюк Британия, Германия, Норвегия, Голландия, Дания ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларига сохта рақамлар орқали қўнғироқ қилишган ҳамда трейдерлик ниқоби остида инвестиция тариқасида криптоактивларни ўтказма қилишга эришган.
Марказлардаги ходимлар орасида чет тилларни мукаммал биладиган ёшлар, нуфузли университет талабалари ҳам бўлган. Уларнинг ҳар бири кунига юзлаб қўнғироқларни амалга оширган. Ходимлар чет эл фуқаролари билан тахаллуслар орқали суҳбатлашган. Бинога кириш қатъий назорат остида амалга оширилиб, махсус қўриқчилар эшик олдида доимий фаолият олиб борган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида икки манзилдан уюшган гуруҳ жиноий ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланган 136 та компютер, 90 та монитор, 73 та процессор, 53 та моноблок, 320 та телефон, 128 та қаттиқ диск, 175 та хотира қурилмаси, иккита сейф ва бошқа турдаги воситалар ҳужжатлаштириб олинган.

Ушбу схемани чет эл фуқароси ташкил этган. У мамлакатдаги ноқонуний фаолиятини 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси билан ҳамкорликда амалга оширган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Жиноий уюшманинг икки раҳбари ва яна 18 киши қамоққа олинган. Қолган 111 нафар шахс билан тезкор суриштирув ва тергов ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, тезкор суриштирув жараёнида ушбу жиноий гуруҳнинг Россия, Грузия, Украина ва Озарбайжонда ҳам Call-markaz’лари фаолият олиб бораётгани аниқланган. Келгусида мазкур давлатлар билан ҳамкорликда глобал миқёсдаги жиноят занжирига барҳам бериш режалаштирилган.
Мавзуга оид
21:05 / 02.06.2026
“Одамлар англамагунча, бу империя қуламайди” – кибержинояти учун қамоқда ўтирган маҳкум
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
11:51 / 22.05.2026
ИИВ, Адлия ва Тоғ-кон вазирлиги — давлат бошқарувидаги энг илғор идоралар
17:45 / 30.04.2026