Жамият | 23:06 / 27.12.2017
22952
3 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Имконияти чекланган оилаларга Сергелидаги бепул янги уйлар топширилди

Фото: Kun.uz

Бугун, 27 декабрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманида ногирон, кам таъминланган оилаларга қуриб битказилган янги кўп қаватли уй-жойларни топшириш маросими ўтказилди. Kun.uz мухбири тадбирда иштирок этиб, махсус фоторепортаж тайёрлади. 

Бугун жами 44 нафар кам таъминланган оилаларга янги хонадон калитлари улашилди.  Тантанали маросимда янги уй соҳибларига дастурҳон ёзилиб, ош тарқатилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов имконияти чекланган фуқаролар ва уларнинг оилаларига эсдалик совғалари ҳам топширди.  

Фото: Раҳмонбек Усмонов/Kun.uz

Тошкент шаҳри бўйича бу йилда 108 нафар имконияти чекланган, меҳнатга лаёқатсиз фуқаролардан 30 нафарига Президент томонидан янги уйлар учун 989 133 миллион сўм миқдоридаги бошланғич маблағ тўлаб берилди. Яна қолган фуқаролар бепул уйларга эга бўлишди. 

Дилором Раҳимжонова, Сергили тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси: 

Фото: Дилором Раҳимжонова/Kun.uz

"Ушбу тадбир ногирон инсонлар учун жуда катта совға бўлди. Бугун Тошкент шаҳри ва қолган 11 туманда жамоатчилик ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилган ва уй-жойга муҳтожлиги бўлган оилаларнинг муаммолари ҳал этилди. Уларга нафақат уй калитлари, балки маиший рўзғорда керак бўладиган совғалар ҳам топширилди. Байрам дастури эса улар учун янги йил арафасидаги унитилмас воқеага айланди". 

Рустам Калонов, Тошкент шаҳар "Нуроний" жамғармаси кенгаши раиси: 

"Бир ой аввал кўплаб оилаларга қулай шарт-шароитга эга, арзон турар-жойлар топширилган эди. Бугун эса Президентимиз топшириғи билан ногирон, кам таъминланган оилаларга бепул хонадонлар калити ҳадя этилди. Ўтказилаётган бундай тадбирлар имконияти чекланган инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада орттириб, олға қадам ташлашига далда беради. Авваллари кўп қарорлар қабул қилинар эди, бироқ уни бажаришга келганда бошланган ишлар ярмида қолиб кетарди. Бугун эса қаттиқ талаб, меҳр, эътибор билан барча белгиланган режалар амалга оширилмоқда. Йиллар давомида бошпанага муҳтож бўлган инсонларнинг орзулари рўйёбга чиқди".

Мавзуга оид