20:50 / 02.01.2018
8381

Самарқанддаги туғруқ мажмуасида янги бўлим фойдаланишга топширилди

Самарқанддаги 3-сон туғруқ мажмуасида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги гинекология бўлими фойдаланишга топширилди. Биргина қайта таъмирлашнинг ўзига 1 миллиард сўм сарфланди, дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизматининг KUN.UZ’га берган маълумотларида.

Фото: Kun.uz

3-сон туғруқ мажмуасининг янгиланган бўлимининг очилиш маросимида шаҳар тиббиёт муассасаларининг раҳбарлари, туғруқ мажмуаси жойлашган Ғафур Ғулом маҳалласи фаоллари иштирок этишади. Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов тиббиёт муассасаси ходимларини ҳам тиббиёт персонали ишлаши учун, ҳам бўлажак оналар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган янги йилга янги совға билан табриклади.

«Қурувчиларимиз қисқа муддат ичида гинекология бўлимини сифатли қайта тиклаб беришди. Биз энди замонавий асбоб-ускуналарга эга мутлақо янги бинога эга бўлдик. Янги истиш тизими, замонавий монтажли электр тармоғи ўрнатилди, янги эшик ва ромлар хоналарнинг шинам ва иссиқ бўлишини таъминламоқда», — деди шаҳар ҳокими.

Фото: Kun.uz

3-сон туғруқ мажмуаси бош врачи Лола Ҳамраева бундай юксак эътибор учун давлатимиз раҳбариятига ташаккур билдирди. Бўлимнинг қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилгани жуда муҳим воқеа бўлганини қайд этиб ўтди. У йилнинг совуқ фаслларида истилиши қийин бўлган палаталарда бўлажак оналарга сифатли ёрдам кўрсатиш мушкул бўлиб келганини айтди. Бу даргоҳга 15 йилдан буён табиий газ келмаётган эди. Куз-қиш мавсумида бу муаммо барчани қийнарди: палаталар совиб кетар, қаҳратонли кунларда ҳаттоки туғруқхонани ёпиб қўйишга мажбур бўлардик, деди у.

Фото: Kun.uz

2017 йилда шаҳар соғлиқни сақлаш соҳаси эҳтиёжларига аввалги йилга нисбатан 5,4 фоизга кўпроқ маблағ ажратилган. Янги объектлар қуриш, мавжуд поликлиникаларни капитал реконструкциядан чиқариш, уларни замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш ишлари келгусида ҳам давом эттирилади. Булар ҳақида сўзлар экан, шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Олмос Элбобоев шаҳардаги Сўлим (собиқ Хишрав) шаҳарчасида 10-сонли оилавий поликлиниканинг янги биноси қурилиши 2018 йилги инвестиция дастурига киритилганини қайд этиб ўтди. Фарҳод ва Кимёгарлар шаҳарчасидаги оилавий поликлиникалар филиалларини қуришни эса 2019 йилги инвестиция дастурига киритиш мўлжалланмоқда.

 

Тошпўлат Раҳматуллаев фотосуратлари.

Top