Light | 21:40 / 04.01.2018
29298
2 дақиқада ўқилади

Уйқусизликнинг хавфли асорати ҳақида маълум қилинди

Фото: Amoils

Сент-Луис (АҚШ)да жойлашган Вашингтон Университети қошидаги Тиббиёт мактаби олимлари уйқусиз тунларнинг хавфли асоратлари ҳақида сўзлаб беришди. Уларнинг сўзларига кўра, уйқу етишмовчилиги Альцгеймер касаллигининг ривожланишига сабаб бўлар экан. Тадқиқот ҳақидаги маълумотлар университет сайтига жойлаштирилди.

Тиббиёт фанлари доктори Рэндалл Бэйтмен раҳбарлиги остидаги неврологлар гуруҳи сурункали уйқусизликда бош мияда бета-амилоид оқсили (Альцгеймер касаллиги триггерларидан бири) концентрацияси кескин кўтарилишини аниқлади, бу эса деменция ривожига олиб келади. 

Тажриба давомида маълум бўлишича, уйқусиз тундан кейин бета-амилоид даражаси 25-30 фоизга меъёрдан юқори бўлар экан. Шунингдек, олимлар бундай кўрсаткичлар, қоидага кўра, генетик жиҳатдан нейродегенератив касалликларга мойил кишиларда қайд этилишини қайд этишган.

"Бу тадқиқот уйқунинг бузилиши Альцгеймер касаллигининг пайдо бўлиш хавфини оширишини аниқ кўрсатиб беради, - дейди Бэйтмен". Таъкидлаш жоизки, оқсил ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи аниқ механзм ҳануз олимларга номаълум. Физиологнинг сўзларига кўра, биргина тунги зиёфат инсоннинг бу касалликка дучор бўлишга олиб келмайди, албатта. "Биз кўпроқ уйқу билан боғлиқ сурункали муаммоларга эга кишилардан хавотирдамиз", - дея изоҳлайди у.

Мавзуга оид