Жаҳон | 22:45 / 05.01.2018
5532
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Покистонга мўлжалланган камида 900 миллион долларни музлатиб қўйган 

АҚШ Покистонга аксилтеррорчилик операцияларни бажариш учун мўлжалланган камида 900 миллион долларни музлатиб қўйган. Пентагоннинг ҳарбий ҳамкорлик бошқармаси вакили Патрик Эванс АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Покистонга хавфсизлик соҳасида ёрдам берилишини тўхтатиш қарорига изоҳ бериш вақтида журналистларга бу ҳақда маълум қилди.

Эванснинг айтишича, бу қарор Покистонга молиявий ёрдам беришнинг икки йўналишини қамраб олади, яъни бу ёрдам Пентагон линияси бўйича турли экстремистик гуруҳларга қарши курашувчи коалицияни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда бошқа давлатларга ҳарбий ёрдамни назорат қилувчи давлат департаменти орқали амалга оширилади.  

Эванснинг таъкидлашича, биринчи йўналиш бўйича АҚШ конгресси 2017 молиявий йилда Покистонга 900 млн доллар ажратишга рухсат берганди. Бироқ бу сумма ҳали ҳам Покистонга ўтказиб берилмаган.

Бундан ташқари, АҚШ Покистонга хорижий давлатларга ҳарбий ёрдам доирасида 2016 молиявий йилда ваъда қилинган 255 млн долларни ҳам бермай туришга қарор қилган. Бу ёрдам одатда у ёки бу давлат АҚШ қуролини сотиб олиши учун кўрсатилади.  

4 январда давлат департаменти матбуот хизмати бошлиғи Хезер Науэрт маълум қилгандек, Покистон ҳукумати террорчилик гуруҳлари, жумладан “Толибон” ва Покистоннинг “Ҳаққоний тармоғи” гуруҳларига қарши қатъий чоралар қабул қилмагунча, АҚШ Исломободга ёрдам бермаслигини айтган.

Аввалроқ Трамп Покистон экстремистларга қарши курашда ёрдам бермаётганини танқид қилиб, АҚШ охирги 15 йил ичида Покистонга молиявий ёрдам кўринишида бекорга 33 млрд доллар ажратганини айтган.

 

Мавзуга оид