Жаҳон | 22:30 / 05.01.2018
43539
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда аёлларга машина ҳайдаш тақиқлаб қўйилди – ОАВ   

Фото: flickr

Туркманистон ҳукумати аёлларга машина ҳайдашни тақиқлаб қўйди. 2017 йил декабрида автоинспекция ходимлари аёл ҳайдовчиларни бу қоидани бузганлари учун жаримага тортилишларидан огоҳлантира бошлашган. Бу ҳақда “Альтернативные новости Туркменистана” портали хабар бермоқда

Январда порталнинг Ашхободдаги манбаси йўл полицияси ходимлари аёл ҳайдовчилардан ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўйиб, уларнинг машиналарини жарима майдончасига жўнатаётганларини маълум қилган.     

“Дастлаб мен бу хабарни ҳазил деб қабул қилдим, бироқ кейин бунга шахсан тўқнаш келдим. Ҳозир аёллар машина ҳайдашдан қўрмоқдалар, шу сабабли кўпчилик аёлларни ишга эрлари олиб бориб қўймоқдалар”, деб айтди ашхободлик бир аёл.

Бошқа бир манбанинг айтишича, ишига машина ҳайдаб борадиган, давлат хизматида ишлайдиган аёллардан машина ҳайдамасликлари ҳақида тилхат олинмоқда.

Порталнинг йўл испекциясидаги манбаларидан бирининг маълум қилишича, 5 декабрда мамлакат ички ишлар вазири Искандар Муликов мамлакат раҳбарига статистика бўйича йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти аёл ҳайдовчилар айби ёки улар иштирокида юз беришини маълум қилган. Шундан кейин президент вазирга “вазиятни тўғрилаш”га кўрсатма берган.   

Бир неча кун аввал мамлакатда қора рангдаги автомобиллар ҳайдаш тақиқлангани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Жумладан, Ашхобод кўчаларида қора ва қорамтир рангдаги машиналар кўринмай қолган. 

Бундай рангдаги машиналар йўл полицияси томондан жарима майдончаларига олиб борилиб, уларни бошқа рангга бўяш талаб қилинмоқда. 

 

Мавзуга оид