Жаҳон | 18:52 / 07.01.2018
6535
2 дақиқада ўқилади

Яманнинг ўлдирилган собиқ президенти Солиҳнинг партиясига янги етакчи танланди

Яманнинг исёнчи-ҳусийчилар билан отишмада ўлдирилган собиқ президенти Али Абдулла Солиҳнинг «Бутунумум халқ конгресси» (БХК) партияси янги етакчини танлади, янги раҳбар Солиҳнинг сафдоши ва партия раҳбарининг ўринбосари Содиқ Амин Абу Рас, деб хабар қилади РИА Новости мухбири.

Партиянинг бош кенгаши Абу Раснинг сайлаш ҳақидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. БХКнинг бош котиби хусусидаги сайлов кейинроқ ўтказилади, ҳозирча партиянинг бир неча раҳбарлари биргаликда бу лавозимни эгаллашган.

Абу Рас Солиҳ ҳукмронлиги чоғида Яман ҳукуматида турли лавозимларда ишлаб келган. 2011 йилда «араб баҳори» чоғида Санадаги президент қароргоҳи ракета ҳужумига учраганида у Солиҳ билан бирга жабрланган. Мамлакатда бошланган норозиликлар Солиҳнинг истеъфога чиқишига олиб келди ва 2012 йилда ҳокимият тепасига вице-президент Абдуроббу Мансур Ҳодий келиши билан якун топди.

Али Абдулла Солиҳ 2017 йилнинг 4 декабрида ҳокимият билан қарама-қаршиликларда яқин-яқингача иттифоқчилари бўлиб келган шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатидан исёнчи-ҳусийчилар билан зиддият оқибатида ўлдирилди. Ўша отишмада БХК бош котиби Ориф аз-Зуқа ҳам ҳалок бўлади.

Яманда ҳусийчилар ва президент Абдуроббу Мансур Ҳодий бошчилигидаги ҳокимият ўртасида фуқаролик зиддияти 2014 йилдан буён давом этмоқда.

Мавзуга оид