Саудия бошчилигидаги коалиция зарбасидан кейин Яманнинг Ал-Мукалла портида шикастланган ҳарбий техникалар. Фото: AFP / Getty Images

30 декабр куни Саудия Арабистони ҳарбийлари Ямандаги Мукалла порт шаҳрини бомбардимон қилди.

Ямандаги қонуний ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш бўйича Коалиция сешанба тонгида БААдан кемалар Мукаллага етиб келганидан кейин уларга зарба берилганини маълум қилди. Шундан сўнг Яман маҳаллий кучлар ўз назоратидаги ҳудудларда барча чегара ўтиш пунктларини, шунингдек, аэропортлар ва денгиз портларига киришни 72 соатга ёпди.

Саудия бошчилигидаги Коалиция матбуот котиби Турки ал-Маликийнинг айтишича, икки кема 27-28 декабр кунлари БААнинг Фужайра портидан келган. Улар Коалиция қўшма кучлар қўмондонлигидан расмий рухсат олмаган ҳамда юк туширишдан олдин кемаларнинг кузатув тизимлари ўчириб қўйилган.

Ал-Маликийга кўра, бу ҳарбий юклар Шарқий Яман вилоятларида можарони авж олдиришга қаратилган бўлган. Шу сабабли Яман президентлик идораси Ҳадрамавт ва ал-Маҳра ҳудудларида тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун зарур барча чораларни кўриш ҳақида мурожаат қилган.

«Шундан сўнг коалиция ҳаво кучлари сешанба куни эрта тонгда Мукалла портида туширилган қурол ва техникани нишонга олган чекланган, аниқ операцияни амалга оширди», дейилади баёнотда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, ушбу зарба оқибатлари экани айтилган, лекин тасдиқланмаган фото

Икки манбанинг Reutersʼга айтишича, зарба икки кеманинг юклари туширилган махсус платформа – докни нишонга олган. Саудия ҳарбийлари «ҳеч қандай қўшимча зарар бўлмаслиги» учун ҳужум тунда амалга оширилганини билдирди. Коалиция шунингдек, Яманнинг қонуний ҳукумати ва улар билан мувофиқлаштирилмасдан ҳар қандай давлат турли гуруҳларга ҳарбий ёрдам етказилишининг олдини олишда давом этишини билдирди.