Light | 17:13 / 07.01.2018
79883
7 дақиқада ўқилади

Қандай инсонлар муваффақиятга эриша олмайди?

Ҳарвард иқтисодчиси Дэвид Деминг 1980 йилдан бошлаб турли мутахассисликлар бўйича ишлар характерини ўрганди ва биринчи навбатда, ижтимоий кўникмаларни талаб қилувчи вазифалар сони 24 фоизга ошгани, интеллект ва техник тоифани талаб қилувчи вазифалар сони эса у қадар юқори кўрсаткични қайд этмаганини таъкидлади. 

Деминг шунингдек иш ҳақининг ошиши биринчи навбатда ижтимоий кўникмалар зарур бўлган фаолият соҳаларида кузатилишини аниқлади. 

Ижтимоий интеллектга урғу берилган сари ундан маҳрум кишилар умумий массада у қадар ижобий намоён бўлмайди. 

Барчамиз шундай инсонларни биламиз: сиз шошилинч ишни бажаряпсиз, у эса гапиришдан тўхтамайди; у ғояларингиз муаллифлигини ўзлаштиради; хатолар туфайли сизни бехижолат навбатдаги тунги сменага чақиради — бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Уларнинг аксарияти ақлли одамлар, шундай бўлса-да, улар доимий равишда атрофдагиларни ўзларига қарши қилаверишади. Афсуски, ўзликни англаш ва бошқа ижтимоий кўникмаларнинг йўқлиги уларнинг карьераси учун тўсиқ бўлади.

Ижтимоий кўникмалар ва ўзликни англаш — бу эмоционал интеллектнинг таркиби. TalentSmart'нинг миллиондан ортиқ кишиларда ўтказган тадқиқотлари эмоционал интеллект меҳнат самарадорлигининг 58 фоизи учун жавоб беришини кўрсатмоқда. 

Шундай тоифали кишилар борки, уларнинг карьерасига бу камчилик катта зиён етказади. 

Улардан бирига айланмаслик учун бировнинг тажрибасини ўрганиб, ўз хатти-ҳаракатларингизга тузатиш киритишингиз мумкин.

1. Қўрқоқлар

Қўрқув — ҳаддан ташқари кучли мотиватор. Айнан шунинг учун президентликка номзодлар сайловчиларга рақиб албатта иқтисодиётни барбод қилишини айтишар, сигарета қутиларида эса чекиш зарарли эканидан огоҳлантиришар экан. 

Қўрқув ишдаги асосий мотиваторга айланганида бу норационал ва зарарли хатти-ҳаракатларга олиб келади. Қўрқоқ ҳамкасб ўз қилмишларида бошқаларни айблашга шошади ва ҳатто уни тўғри деб ҳисобласа ҳам ўз нуқтаи назарида қатъий туришга тайёр эмас. 

2. Дементорлар

Жоан Роулингнинг Ҳарри Поттер ҳақидаги китобларига кўра, дементорлар — одамларнинг қалбини сўриб олиб, бўм-бўш танасини қолдирадиган ёвуз мавжудотлар. 

Дементор хонага кирганида қоронғу ва совуқ бўлади, у ердаги барча инсонлар бирдан ўз ҳаётидаги энг ёқимсиз онларни хотирлай бошлашади. Роулингнинг айтишича, дементор образи хонага кириб муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи баъзи одамларни такрорлайди. 

Дементорлар йўлларида дуч келган одамларга салбий ҳис-туйғу ва пессимизм улашишади. Бундай кишилар ҳар қандай вазият ва ҳамма нарсанинг фақат ёмон томонини кўришади, улар атрофдагиларда доим қўрқув ва хавотир уйғотишга уринишади. 

3. Кибрлилар

Кибрли кимсаларга вақт кетказишга ҳожат ҳам йўқ — қилаётган барча ишларингиз уларга чақириқдек туюлади. Кибр — ўзига бўлган ишончнинг сохта кўриниши, аслида эса бунинг акси бўлади.

Акрон университети тадқиқоти кибр ишдаги муаммоларни келтириб чиқаришини кўрсатган. Бундай кишилар, қоидага кўра, ишни яхши уддалай олишмайди, мулоқотда ёқимсиз ва ўртача одамдан кўпроқ когнитив муаммоларга эга бўлишади. 

4. Конформистлар

Гуруҳ фикрини ўз фикридан доим устун қўйган инсон энг кам тўсиқли йўлни танлайди ва ҳар қандай муаммони ҳал қилишнинг аввалдан маълум бўлган йўлдан юради. 

Агар бировнинг нуқтаи назарини етказаётган бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг — бу кетишда катта натижаларга эриша олмайсиз.

5. "Оқ қарғалар"

Бундай одамлар ўзларининг муваффақиятсизликлари учун жавобгарликни кўпинча ташқи шарт-шароитларга ағдаришади.

Дарҳақиқат, инсон омад туфайли ҳам муваффақиятга эришиши мумкин, бироқ охир-оқибат натижа асосида одатда қаттиқ меҳнат ётади. Агар дунё сизга қарши бирлашган бўлса, эҳтимол, сизга реал тўсиқлар эмас, муаммога  ёндашувингиз кўпроқ халақит бераётгандир.

6. Қони "қайноқ" кишилар

Баъзи одамлар ўз ҳиссиётларини мутлақо назорат қила олишмайди. Улар суҳбатдошига ҳужум қилиб қолиши ҳеч гап эмас, уларнинг ҳис-туйғулари билан ҳисоблашишмайди ва аксарият ҳолатларда бош оғриғини келтириб чиқаришади.

Серҳиссиёт одамлар яхши ишлай олишмайди, чунки ҳис-туйғулар уларнинг тўғри фикрлашига халақит беради, ўз-ўзини назорат қила олмаслик эса атрофдагилар билан алоқа ўрнатишга ҳалал беради. Улардан эҳтиёт бўлинг, ҳиссиётларини жиловлай олмайдиган кишиларнинг "қурбони"га айланманг.

7. Қурбонлар

Қурбонни аниқлаш қийин, чунки биз дастлаб бундай одамларнинг муаммоларига ҳамдард бўламиз. Бироқ вақт ўтган сайин бу доимий ҳолат эканини тушуниб борамиз.

Қурбонлар масъулиятни ўз бўйниларига олишдан қочишади ва ўз йўлларидаги ҳар қандай "тош"ни енгиб бўлмас "тоғ"га айлантиришади. Улар учун қийинчиликлар — ўқиб-ўрганиш ва ривожланиш учун имконият эмас, ҳеч нима қилмаслик учун сабаб.

8. Ишонувчан одамлар

Албатта, ишонувчан одамларга ҳамма ачинади, айниқса узоқ иш кунидан сўнг улар раҳбарнинг фарзандларига қараб туришга рози бўлишганидан кейин. Шуниси қизиқки, буларнинг бари дам олиш кунида рўй беради.

Тез ишонувчан одамлар (одатда уларнинг ҳаётий тажрибаси кам бўлади) сокин дарё шиддатли океанга айланмагунга қадар оқим бўйлаб сузишади. Ёдингизда бўлсин: иш ҳақи борасида келишиш - нормал ҳолат, йўқ дейиш ҳам! Барчаси тўғрилигига шубҳа қилсангиз, саволлар беришингиз мутлақо табиий. Ўз нуқтаи назарингизда собит турсангиз, сизни ҳурмат қилишади. 

9. Кечирим сўровчилар

Умуман узр сўрамайдиган кишилардан ташқари, ҳаддан ташқари кўп кечирим сўрайдиганлар ҳам бўлади. 

Ўзига ишончи кам бўлган кишилар доим ўз ғоялари ва хатти-ҳаракатлари учун узр сўрашади. Улар муваффақиятсизликдан қўрқишади ва узр сўраш суғурта сифатида иш беради, деб ҳисоблашади. Кераксиз узрлар эса, бунинг ўрнига, ғоялар қадрини ва уларнинг амалга ошиш эҳтимолини камайтиради. 

Ғоянгиз қадр-қиммати товуш оҳанги ва тана "тили" билан қўллаб-қувватланиши жуда муҳим. Ғоя ёки фикрни савол кўринишида тақдим этиш - олдиндан узр сўрашдек гап. Агар ўзингизни ҳақиқатда амалий бир ғояга эга деб ҳисобласангиз, ишонч билан сўзланг. 

Хулоса 

Юқоридаги камчиликлардан ҳеч бири ўз-ўзидан сўнгги ҳукм бўла олмайди, эмоционал интеллектингизни ривожлантириб, истаган вақтингизда уларни тузатишингиз мумкин.

Бунинг учун ўзгаришларни хоҳлаётганингизга ва ўзингизнинг хатти-ҳаракатларингиз учун жавоб беришингизга ишонч ҳосил қилинг.

Мавзуга оид