Жаҳон | 19:07 / 07.01.2018
7610
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Эрон Telegram’дан тақиқни олди

Фото: РИА Новости / Кирилл Каллиников

Эрон ҳукумати мамлакатда ҳукуматга қарши намойишлар сабабли Telegram мессенжерига киритилган тақиқни тўлиқ олиб ташлади. Бу ҳақда 6 январда Fars ахборот агентлиги маълум қилди. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Instagram ва Telegram ижтимоий тармоғига кириш Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши қарори билан 31 декабрда киритилган вақтинчалик тақиқ бекор қилингандан кейин очилди. Instagram’дан тақиқ 5 январда олинган.   

Аввалроқ Эроннинг ахборот-коммуникация технологиялари вазири Муҳаммад Жавод Озори Жаҳрумий агар “террорчилар каналлари” ёпилмаса, Telegram’ни тўлиқ блоклаш билан таҳдид қилганди. Эрон Мажлиси президиуми вакили Баҳрус Неъматийнинг тушунтиришича, парламент аъзолари мессенжернинг тақиқланиши узайтирилишини қўллаб-қувватламаганлар ва унга доимий асосда киришни тақиқлашга қарши чиққанлар. Неъматийнинг таъкидлашича, дастур Эрон ҳалқи душманлари томондан қўллангани сабабли тўсилган, шу муносабат билан Telegram раҳбариятини бундай ҳодисаларга қарши қатъий чоралар кўришга чақирган. Акс ҳолда Эрон ҳукумати бошқа шунга ўхшаш сервисларни қўллаш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.

Эронда ҳукуматга қарши намойишлар 28 декабрда бошланганди. Мамлакатнинг турли шаҳарларидаги намойишчилар нарх-наво кўтарилишидан норозилик билдиришган. 

Мавзуга оид