Ўзбекистон | 10:09 / 07.01.2018
30351
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропорти узилишлар билан ишламоқда

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистоннинг бош ҳаво гавани - Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт терминаллари халқаро ва маҳаллий парвозларни бир неча соатга қабул қилмади. Бунга 2018 йил 6 январь кечаси ва 7 январь тунида аэропорт ҳудудида қуюқ туман бўлгани сабаб бўлган. Компания сайтида бу борада эълон берилган. 
 
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ноқулай метеошароит туфайли Тошкент аэропорти ҳаво кемаларини қабул қилмаётганлигини билдиради.

Ҳаво маскани атрофини кучли туман қоплаган, кўриш чегараси эса белгиланган минимумдан паст. Халқаро қоидаларга кўра, бундай шароитда ҳаво кемаларини қўндириш тақиқланади.

Ҳурматли йўловчилар, Сиздан қуйидаги телефонлар орқали қатновларнинг жўнаш ва етиб келиш вақтини аниқлаштириб олишни сўраймиз +99871 140 28 01/02/03/04.

Қатнов ҳолатини https://www.uzairways.com/flightstatus?action=2in ҳаволаси орқали текширишингиз мумкин.

Ҳурматли йўловчилар! "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси сизнинг хавфсизлигингиз ҳақида қайғуради ва бизни тўғри тушунганингиз учун миннатдорчилик билдиради”, - дейилади миллий авиакомпания хабарида.

Хабар ёзилаётган вақтда, эълондаги ҳаволада 6 та халқаро парвоз ушлангани ҳақида маълумот бор эди. 

Булар ZM 1029 (Бишкек), UT 805 (Москва), FV 6971 ва SU 6971 (Санкт-Петербург), HY 602 (Москва) ҳамда HY 272 (Истанбул) шаҳарларидан келувчи рейслар эди. 

Биз кўрсатилган рақамлардан бирига қўнғироқ қилиб, парвозлар неча соат амалга оширилмагани, нечта рейс неча соатга кечикиши мумкинлиги ҳақида сўраганимизда, бу ҳақда маълумот бера олмаслигини ҳамда ҳеч ким буни маълум қилмаслигини айтишди. 

Мавзуга оид