Солиқ тизимида «солиқ таътили» ва «ҳалол солиқ тўловчиси» тушунчалари пайдо бўлди
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54, 55 ва 354-моддаларига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга учраган ҳалол солиқ тўловчиларга – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.
Ушбу таснифдаги солиқ тўловчилар сирасига охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб айни вақтда вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган солиқ тўловчилар киради.
Янги киритилган ўзгартиришга кўра, солиқ таътиллари тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш, солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш кўринишида тақдим этилади.
Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши натижасида юзага келган солиқ қарздорлигига эга бўлган фуқароларга - жисмоний шахсларга банкротлик қўлланиши белгиланиб, бу борада Фуқаролик кодексининг 26-моддасига, Солиқ кодексининг 62-моддасига ҳамда «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Мавзуга оид
13:26 / 30.03.2024
Сенаторлар туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган қонунни маъқуллади
07:24 / 13.04.2022
Солиқ кодексига фойда солиғи бўйича ўзгартиришлар киритилади
08:40 / 31.12.2021
Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи камайтирилди
07:44 / 28.12.2021