Ўзбекистон | 05:29 / 10.01.2018
21875
6 дақиқада ўқилади

Солиқ ва божхона соҳасида ислоҳотлар амалга оширилади

Фото: sof.uz

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси эълон қилинди.

Дастурнинг III боби «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган. Унинг Солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш бўлимида амалга оширилиши мўлжалланаётган қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Эркин рақобат муҳитини яратиш, нархларнинг барқарорлиги ва имтиёзларнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадида имтиёзларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг алоҳида турларига жорий этган ҳолда уларни индивидуал тартибда бериш амалиётидан воз кечиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • имтиёзлар беришнинг самарадорлигини баҳолаш ва доимий мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;
  • имтиёзларни муайян молиявий ижтимоий натижага эришиш шарти билан бериш;
  • божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қайта кўриб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш)да фойдаланиладиган товарлар бўйича имтиёзларни бекор қилиб, мақбул бож тўлови ставкаларини белгилаш;
  • имтиёзларни алоҳида субъектларга эмас, балки соҳалар ёки товарлар (хизматлар, ишлар) турларига нисбатан жорий этиш назарда тутилади.

Солиқ юкини камайтириш ва соддалаштириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • ўз эҳтиёжи учун объектлар қураётган, янги ташкил этилган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига ягона солиқ тўловини маълум муддатга кечиктириш ҳуқуқини бериш;
  • кичик корхоналар учун қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтишни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш назарда тутилади.

Кичик корхоналарни тез суръатларда ривожланиб, ишчилар сонини кўпайтириши ҳамда йирик корхоналар тоифасига ўтишини рағбатлантирувчи тизим жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси. Лойиҳада ишчилар сонини ошираётган, тез суръатлар билан ривожланаётган кичик корхоналарга қўшимча солиқ имтиёзларини бериш орқали уларни йирик корхоналар тоифасига ўтишини рағбатлантиришни назарда тутувчи механизмларни жорий этиш назарда тутилади. 

Солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ва методологиясини тубдан такомиллаштириш, ушбу тизимни илғор халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан Солиқ қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланади. Концепцияда:

  • Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни тубдан такомиллаштириш;
  • солиқ маъмуриятчилигининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш механизмларини ташкил этиш;
  • замонавий инновацион ғоялар ва тартиб-таомилларни жорий қилиш, электрон ахборот базаларидан самарали фойдаланиш асосида солиқ солиш базасини кенгайтириш;
  • кичик корхоналарга ягона солиқ солишда ялпи даромадни солиққа тортишдан фойдани солиққа тортишга ўтиш;
  • пул маблағларининг ғайриқонуний айланиши манбаларига барҳам бериш мақсадида унинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш;
  • давлат солиқ хизмати органларини ҳалол, юқори малакали ходимлар билан тўлдириш, соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш бўйича янги тизимни яратиш масалалари назарда тутилади.

Божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш ва экспорт-импорт соҳасини тартибга солиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада:

  • божхона чегарасидан товарларни ўтказиш тартиблари ва тизимини қайта кўриб чиқиш;
  • илғор жаҳон тажрибасига мувофиқ миллий божхона режимларини қайта кўриб чиқиш;
  • мамлакат ҳудудидаги божхона постлари, терминаллари ва омборларини экспресс-лабораториялар билан жиҳозлаш;
  • божхона расмийлаштирувида ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ва муддатларни кескин қисқартириш мақсадида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий қилиш назарда тутилади.

Божхона қонунчилигини тубдан такомиллаштириш, ушбу тизимни илғор халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳа билан Божхона қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланади. Концепцияда:

  • Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назоратни тубдан такомиллаштириш;
  • жадал ўзгараётган ташқи иқтисодий вазиятларга божхона органларининг жавоб бериш ва таъсир кўрсатиш механизмларини ишлаб чиқиш;
  • божхона маъмуриятчилигининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш механизмларини ташкил этиш;
  • замонавий инновацион ғоялар ва тартиб-таомилларни жорий қилиш, электрон ахборот базаларидан самарали фойдаланиш орқали бож ставкаларини тезкор ва қулай тарзда қайта кўриб чиқиш;
  • давлат божхона хизмати органларини ҳалол, юқори малакали ходимлар билан тўлдириш, соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш бўйича янги тизимни яратиш масалалари назарда тутилади.

Божхона кўригини хавфни бошқариш тизими орқали амалга ошириш механизмини жорий қилиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси. Лойиҳада божхона кўригини хавфни бошқариш тизими орқали тадбиркорлик субъектларининг ишончлилик даражасига қараб «яшил» ва «қизил» йўлаклар орқали ўтказиш тизимини жорий этиш назарда тутилади.

Мавзуга оид