Жамият | 19:12 / 11.01.2018
10864
2 дақиқада ўқилади

Болаларнинг таълим олишига такрор тўсқинлик қилганлик учун – 15 суткагача қамоқ

Фото: Fotolia

Бундай ўзгартиришлар ва қўшимчалар 9.01.2018 йилдаги ЎРҚ-459-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига киритилди, деб ёзмоқда Norma.uz.

Эслатиб ўтамиз, МЖтКнинг 47-моддасида 2 та маъмурий ҳуқуқбузарлик кўзда тутилган:

•  ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик (шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши) – яъни Оила кодексининг (ОК) 73-моддасида кўзда тутилган мажбуриятларни писанд қилмаслик;
•  болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш – яъни ОКнинг 73-моддасини бузишда фаол ҳаракатларни бажариш.

Бундай қилмишларни такрор содир этганлик учун оширилган жарималар ва ҳатто 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жорий этилди. 

Мазкур ҳуқуқбузарликларни биринчи содир этганда иш Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар томонидан кўриб чиқилиши мумкин. Такрор содир этилганда эса – фақат маъмурий ишлар бўйича судьялар томонидан кўриб чиқилади.

Қонун “Халқ сўзи” газетасида 10.01.2018 йилда эълон қилинди, ўзгартиришлар ва қўшимчалар шу санадан кучга киради.

Мавзуга оид