Сурхондарёлик Ҳожимурод Шоймардонов етти йилдан бери хорижда яшаб, турли мамлакатларда ишлаб келмоқда. Россиядан Болгариягача, Туркиядан Малайзиягача бўлган иш тажрибаси унга хизмат кўрсатиш соҳаси, меҳнат миграцияси ва таълим ҳақида ўз қарашларини шакллантириш имконини берган. Kun.uz мухбири суҳбатда у чет елдаги ҳаётнинг паст-баландликлари ва Малайзиядаги фаолияти ҳақида гапириб берди.
Бугун минглаб ўзбекистонликлар хорижга яхши даромад излаб кетмоқда. Кимдир қурилишда, кимдир ишлаб чиқариш, яна кимдир хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилади. Аммо кўп ҳолларда одамлар фақат топилган пулни кўради. Ўша маблағ ортидаги масъулият, руҳий босим ва тажриба зарурияти кўзга ташланмайди. Ҳожимуроднинг ҳикояси эса ана шундай қарашларни бироз ўзгартириши мумкин.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган 25 ёшли Ҳожимурод мактабни тамомлагач олий таълимга кира олмайди. Бир муддат санъат йўналишида фаолият юритиб, овозлаштириш ишлари билан шуғулланади. Бироқ унинг айтишича, мазкур соҳада ўша пайтда барқарор даромад топиш қийин бўлган.
“Санъатга қизиқишим кучли эди, дубляж билан шуғулланардим. Аммо вақт ўтгани сари фақат қизиқиш билан яшаб бўлмаслигини тушундим. Оилага таянч бўлиш, барқарор даромад топиш керак эди. Шу сабаб ўзимни бошқа соҳада синаб кўришни бошладим”, – дейди у.
Шундан сўнг, Ҳожимурод ўзи қизиққан бошқа йўналишда ишлашни бошлайди. Аммо маҳаллий меҳнат бозоридаги маошлар унинг кутилмаларига жавоб бермайди. Оқибатда хорижда ишлашга қарор қилади. Илк манзили Россия бўлади. Дастлаб оддий ишчи сифатида меҳнат қилган Ҳожимурод рус тилини яхши билгани туфайли кейинчалик логистика компаниясига ишга таклиф этилади.

“Дастлаб бошқа мигрантлар сингари оддий жисмоний меҳнатдан бошладим. Ўша давр менга интизом ва масъулиятнинг аҳамиятини ўргатди. Иш жараёнида рус тилини эркин билишим эътиборга тушди ва кўп ўтмай логистика компаниясидан таклиф олдим. Бу ерда ҳужжатлар билан ишлаш, юк ташиш занжирини мувофиқлаштириш, турли миллат вакиллари билан мулоқот қилиш каби вазифаларни бажардим. Ўшанда бир нарсани аниқ англадим: хорижда фақат меҳнаткаш бўлишнинг ўзи етарли эмас, тил билиш ва янги кўникмаларни эгаллаш инсонни оддий ишчидан мутахассис даражасига олиб чиқадиган энг муҳим омиллардан бири экан”,














