Ўзбекистон | 20:26 / 15.01.2018
5386
2 дақиқада ўқилади

ОТМ қошида 7та илмий-тадқиқот маркази ишга тушади

2018 йил Ўзбекистонда АҚШнинг Вебстер университети ҳамда Олмалиқ шаҳрида Россиянинг Миллий технологик тадқиқотлар институти иш фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов «Тараққиёт стратегияси» марказида ташкил этилган матбуот брифингида билдириб ўтди.

Маълум қилинишича, айни пайтда республика ҳудудида фаолият олиб бораётган олий таълим муассасалари сони 82тага етган, улардан 7таси хорижий мамлакат олийгоҳларининг Тошкент шаҳридаги филиали ҳисобланади.

«Бундан ташқари маҳаллий 15та ОТМнинг жойларда филиаллари ҳам илм истагида бўлган ёшлар учун хизмат қилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда бир қатор хорижий олийгоҳ вакиллари билан келишувларга эришилган бўлиб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда», дейди вазир ўринбосари Бегимқулов.

Узоқбой Бегимқуловнинг таъкидлашича, келгусида икки йилда давомида Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари қошида 7та илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилади. Уларнинг илк иккитаси жорий йилнинг ўзида ишга тушиши белгиланган.

Вазир ўринбосарининг айтишича, илмий-тадқиқот марказлари турли соҳада илм олаётган ёшларни амалиёт билан билимларини тўлдириб боришига хизмат қилади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид