Фан-техника | 19:14 / 15.01.2018
16675
9 дақиқада ўқилади

Замонавий қурилмаларнинг ўтмишдаги муқобиллари

Баъзан ўтмишдаги буюмларга ўхшаш гаджетларга кўзимиз тушади - одатда улар катта муваффақиятга эришмайди, лекин жуда ўхшаш бўлади. Medium колумнисти Мэтт Кройдон замонавий "издошлари" технологиялар оламини бошқараётган олти қурилма ҳақидаги маълумот билан бўлишди.

 

Kerbango (2000)

Фото: Medium/swlh

Бугун ҳаётни мусиқа ва интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шу даражага етиб келдикки, "Алекса, классика тинглагим келяпти", "О'кей Гугл, фалончи қўшиқни қўй" ёки "Ҳой, Сири, менинг сўнгги трек саҳифамни қўй" десак, бас - барчаси муҳайё.

Бироқ Bluetooth-ко­лон­каларга қараганимда Kerbango интернет-радио ёдимга тушади. У 32 мегабайтли Diamond Rio энг яхши чўнтак MP3-пле­е­ри ҳисобланган вақтлар пайдо бўлган. Компания ўз маҳсулоти ғоясини ўйлаб, уни ишлаб чиқариб, 3Com'га сотишга ва iTunes, Rip. Mix. Burn ёки iPod пайдо бўлмасидан ёпишга ҳам улгурди.

Қурилманинг бир неча тугма ва экрани бўлган - унинг интерфейси мусиқа тингланувчи ҳар қандай қурилмада деярли ўзгаришсиз қоларди, фақат овоз билан бошқарилувчи қурилмаларгина бундан мустасно. Бироқ ҳар қандай MP3-пле­е­рдан фарқли ўлароқ, унда алоҳида треклар учун каталог бўлмаган. Умуман олганда, қурилма Linux бошқаруви остидаги митти компьютер кўринишида бўлган, у интернет-радиостанцияларни MP3 ва RealAudio форматларида трансляция қила олган, албатта, бу ёзувларнинг битрейти бугун бизга кулгули туюлган бўларди.

Қурилма кўпроқ юқори талаблар туфайли таназзулга учраган: Kerbango ишлаши учун Ethernet кабель орқали интернетга кенг кўламда уланиш керак бўлар эди.

У вақтлар кенг кўламли алоқа етарлича тарқалган эди, бироқ фойдаланувчиларнинг аксарияти dial-up технологияси билан чекланиб қолишганди. Ҳатто кенг кўламли уланиш имконига эга бўлганлар ҳам фақат компьютерга уланиб, хаб ва роутерлардан камдан-кам ҳолатларда фойдаланишарди. Kerbango фойда бериши учун у учун махсус сим ўтказишга тўғри келарди. Боз устига, компьютерда мусиқа тинглагиси келганлар дастурий плеерлар билан кифояланишар эди.

 

3Com Audrey (20002001)

Фото: Medium/swlh

Эҳтимол, "доткомлар пуфаги" инқирозидан кейиноқ янги маҳсулотни ишлаб чиқариш яхши ғоя бўлмагандир. Айниқса, гап 500 долларлик ошхона интернет-жиҳози ҳақида кетганда. 3Com'нинг Audrey қурилмаси Ergo линейкаси (уйдаги ҳар бир хонага уланиш керак бўлган қурилма)даги биринчи гаджет бўлиши керак бўлган. Бироқ, афсуски, у охиргиси бўлди.

Мен компания Audrey ҳақида эълон қилганини эслайман. Қурилма Unix'нинг махсус QNX номли версиясида ишлаган, бу эса Linux мухлисларини хурсанд қилган, албатта. У бежирим дизайни билан ажралиб турган ва ҳақиқатда ошхона интерьерига яхши мослаша оларди.

Шунингдек, мен Audrey'нинг сўнгги кунини ҳам яхши эслайман. Чегирмали нархларда шу қурилмадан қолган ёки йўқлигини билиш учун Circuit City (электроника сотиладиган катта дўкон)га бордим. Эҳтимол, мен кечиккандирман ёки мен дўконга келгунимга қадар аллақачон уни талаб кетишгандир, растада фақат сотувга мўлжалланмаган демо-модель турарди.

Фото: Medium/swlh

Бугун эса сиз маиший техника савдоси билан шуғулланувчи истаган дўконингизга кириб, олд панелида катта сенсор экранлари бўлган Samsung музлатгичларига баҳо беришингиз мумкин. Эҳтимол, бу концепцияни муваффақиятли дейишга ҳали эртадир, лекин бундай қурилмалар мавжуд.

 

Маҳсулотларни уйга етказиб бериш ("доткомлар буми" даври)

 

Фото: Medium/swlh

Американинг кўп компаниялари "доткомлар буми" даврида маҳсулотларни етказиб беришдан бизнес йўлга қўйишга ҳаракат қилди. Peapod каби баъзи компаниялар ҳақиқатда муайян ютуқларга эришди, бироқ аксарият — Webvan, Streamline.​com, Kozmo.​com ва бошқалар бунга улгурмади.

Бозор у қадар катта эмаслигини аниқлашдан олдин Webvan логистика ва инфратузилмага катта пул сарфлади. У  таназзули "доткомлар пуфаги"нинг куни битганига ишора қилган илк компаниялардан бири бўлди.

Kosmo.​com ўз фаолияти учун қизиқроқ соҳани танлаганди — Amazon Prime Now ва Favor ўртасидаги фаолият тури. Унинг ёрдамида оддий дўконлардан мусиқа, фильмлар ва бошқа товарларга буюртма бериш мумкин эди. Афсуски, бу компанияни ҳам аянчли интиҳо кутаётган эди.

Бугун нима кўряпмиз? Асосий чакана тармоқларнинг аксарияти ёки ўзининг ташиш хизматларини таклиф қилади, ё шу бозордаги кўплаб стартаплардан бири билан ҳамкорлик қилади. Amazon Fresh ва Google Express каби ҳар ишга шай сервислар шулар жумласидандир.

 

Takeout Taxi (80- ва 90-йиллар)

Фото: Medium/swlh

"Ҳозирнинг ўзидаёқ нимадир ердим, аммо уйдан чиққим йўқ", дейсизми? Бугунги кунда АҚШда Favor, Uber Eats, Amazon Restaurants каби қатор компаниялар шу соҳада муваффақиятли хизмат кўрсатмоқда.

Бир вақтлар Uber Eats ҳайдовчилари буюртмадан кейин имкон қадар тезроқ етиб олиш мақсадида тайёр тушликларни олдиндан сотиб оладиган бўлишганди. Мен венчур капиталнинг кўплиги стартапларга шундай тажрибалар ўтказиш имконини берадиган ўша дамларни соғиндим. Бироқ бугун ҳам бу сервисларнинг аксарияти 30-40 дақиқада буюртмангизни етказиб бера олади, бу эса ёмон эмас.

Ҳозирда гуллаб-яшнаётган бу саноат нимадан бошланганини тадқиқ қилиш қийин эмас. Бундай сервислар орасида Takeout Taxi биринчилардан бўлди, у 90-йилларда фаол иш кўрсатган. У энг аввало ўртаҳол оилаларга мўлжалланган эди. Мен талаба бўлганман ва унинг хизматларига ҳафтада икки мартагина буюртма бериш имконига эга эдим, бу ҳақиқатда қулай эди.

У пайтлар бундай сервислар муваффақияти йўлидаги асосий тўсиқлардан бири меню билан боғлиқ муаммо эди. Сиз айнан нима хоҳлаётганингизни аниқ билишингиз ёки факс орқали компания менюсини олишингиз керак бўлган. Takeout Taxi мижозларга ёрдамлашиш мақсадида шерик-ресторанлар менюсига ўзи ҳақида маълумот жойлаштиртишга эришиб, катта меҳнатни ўз зиммасига олган.

Компания шунингдек телефон китобчаларига ҳам реклама жойлаган.

 

Microsoft Tablet PC (2001)

Фото: Medium/swlh

Бугунга келиб Microsoft ниҳоят ўзининг Surface планшетлар линейкаси муваффақиятига эришди, бироқ компания биринчи марта iPad пайдо бўлишидан деярли 10 йил аввал замонавий ноутбук имкониятларини ўз ичига олган планшет-компьютер ишлаб чиқаришга ҳаракат қилган. Технологик анжуманларда бундай қурилмаларни кўп кўрганимни эслайман, асосан гибрид шаклда - умуман олганда, бозорда нисбатан экзотик конфигурацияси ҳам бор эди, масалан, икки экранли ноутбуклар ва клавиатура уланувчи планшетлар.

Нима учун ўша пайтлар бундай қурилмалар машҳур бўла олмагани ҳануз жумбоқлигича қолмоқда. Эҳтимол, улар жуда қиммат бўлиб, анъанавий ноутбукларга нисбатан анча секин ишлагандир.

 

Microsoft SPOT Watch (2004)

Фото: Medium/swlh

Афтидан, енгил гаджетлардан фойдаланишга бўлган қизиқиш секин-аста сўниб бораётгандир, бироқ бу вақт ичида анчагина муваффақиятли қурилмалар чиқишга улгурди, айниқса, фитнес билан боғлиқ.

Кўп смарт-соатлар Bluetooth орқали телефонларга ёки WiFi орқали интернетга улана олади. Apple Watch каби ақлли соатлар эса ҳатто уяли алоқани ҳам қўллаб-қувватлайди.

Бироқ Microsoft 2004 йилдаёқ интернетга улана олувчи соатлар сериясини ишлаб чиқарган, улар FM-ра­дио­стан­циялар частоталаридан фойдаланган. Йирик мегаполисларда бу об-ҳаво, кўчалардаги тирбандликлар ва маҳаллий янгиликлар каби асосий маълумоталарни бир томонлама етказишга етарди. Яна электрон почтага келган хабарлар, тақвимлардаги эслатмалар, акциялар котировкалари кабилардан бохабар бўлиш имкони бўлган.

Мен бир йил Fossil Abacus соатларидан фойдаланганман ва бу жуда қулай эди. Бироқ экран ўлчамлари анча кичик эди, барча маълумотлар унга сиғиши керак эди. Шу боис ўзим қизиққан тафсилотларни бошқа қурилмалардан қарашимга тўғри келарди, бу эса гаджет фойдасини сезиларли даражада чекларди.

Мавзуга оид