Жаҳон | 10:46 / 17.01.2018
6051
2 дақиқада ўқилади

АҚШ билан 7,5 млрд долларлик 20дан кўпроқ шартнома тузилади – Назарбоев  

Фото: akorda.kz

Ҳозирда АҚШда бўлиб турган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан учрашув натижаларига кўра ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати маълум қилди. 

Брифингда Назарбоев Вашингтонга ташриф буюриш таклифи учун Трампга миннатдорлик билдирди. Назарбоев бўлиб ўтган музокараларнинг натижаларини ижобий баҳолаб, Қозоғистон ва АҚШнинг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтди.   

“Мен аминманки, Қозоғистон-АҚШ муносабатларини стратегик ҳамкорлик даражасига кўтариш ташрифим натижаси бўлади. Шу сабабли биз бугун Остона ва Вашингтон муносабатларининг янги даврига старт берувчи қўшма сиёсий баёнот қабул қилдик”, деб айтган Қозоғистон президенти.  

Назарбоев АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан “5+1” форматда ҳамкорликни   мустаҳкамлашига манфаатдорлик билдирди. Назарбоев Остона ва Вашингтоннинг халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ва замонавий синов ҳамда таҳдидларни биргаликда енгиш ишидаги самарали ҳамкорлигини таъкидлаб ўтди. 

Назарбоев икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. “АҚШнинг йирик нефть компаниялари томонидан Қозоғистонга 50 млрд долларлик инвестиция киритилган. Бугун биз АҚШ йирик бизнесининг вакиллари билан давра суҳбатида иштирок этамиз ва унда 7,5 млрд доллардан кўпроқ қийматдаги 20 дан кўпроқ шартнома тузилади. Бизда АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб жорий қилинган ва биз АҚШ томондан ҳам бунга монанд жавоб бўлишини кутиб қоламиз”, деб айтган Назарбоев.

Назарбоев сўзлари интиҳосида АҚШнинг Трамп бошчилигида сезиларли иқтисодий тараққиётга эришганини юқори баҳолади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид