Марказий осиёлик меҳнат мигрантлари дучор бўлган 7та даҳшатли автоҳалокат
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида юз берган автоҳалокат натижасида Ўзбекистоннинг 52 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Одамлар Қозоғистон жанубидан Россиянинг Самара ва Қозон шаҳарларига кетиш йўлида автобус ичида тириклай ёниб кетишган; фақатгина 5 киши олов чангалидан қутилиб қололган.
Пул ишлаш учун йўл олган ёки, аксинча, ўз ватанларига қайтаётган меҳнат мигрантларининг йўл-транспорт ҳодисасига дучор бўлиши тез-тез кузатилмоқда. Автоҳалокатлар кўпинча мигрантлар йўл босадиган Қозоғистон ёки Россия ҳудудида рўй беради. «Очиқ осиё онлайн» фақатгина 2017 йилнинг ўзида рўй берган энг резонансли автоҳалокатларни ёдга олади.
Россия ёки Қозоғистонда рўй берадиган, Ўзбекистон, Тожикистон ёки Қирғизистон меҳнат мигрантлари ҳалок бўладиган автоҳалокатлар кам учрайдиган ҳодиса бўлмай қолди. Масалан, ўтган йили фожиалар деярли ҳар ой рўй бериб турди, улардан бири — 17 кишининг умрига зомин бўлган автоҳалокат «Новая газета»нинг «Арвоҳ-автобус ўлим билан юзма-юз келмоқда» мақоласи ёзилишига сабаб бўлди. Мақолада муаллифлар меҳнат мигрантлари билан рўй берган ҳодиса нега муқаррар бўлганини тушунтириб, автотрассаларда меҳнат мигрантларининг қурбон бўлаётганига бир неча салмоқли сабаблари келтиришган.
Биринчидан, меҳнат мигрантларини Россия томон элтаётган автобуслар кўпинча керакли ҳужжатлар — айтайлик, суғурта шартномасига эга бўлмайди. Шу сабабли улар ДАН постларини айланиб ўтишга мажбур бўлишади ва бу ишни кўпинча тунда амалга оширишади. Бу — бундай йўналишларнинг ҳалокатли эканлигига бош омиллардан биридир.
Иккинчидан, ДАН постларини айланиб ўтишда йўлга сарфланадиган вақт ортади, бир неча кун ўрнига йўналиш бир ҳафта вақтни олиши мумкин, бу эса ҳайдовчиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатига таъсир ўтказмасдан қолмайди.
Учинчидан, бундай қатновларни амалга оширувчи автобусларнинг ресурслари аллақачон тугаб бўлган бўлади, бироқ ҳеч ким уларнинг ҳолатига эътибор бермайди.
Буларнинг барчаси ва бошқа сабаблар Қозоғистон ва Россия трассаларида фожиалар қўрқинчли кетма-кетликда содир бўлишига олиб келмоқда. Ўзингиз хулоса чиқаринг.
2017 йил, январь
Нижний Новгород – Саратов трассасида йирик автоҳалокат содир бўлди. Ўшанда юк машинаси минивен билан тўқнашиб кетганди. Автоҳалокатда юк машинаси ҳайдовчиси айбдор деб топилган, у рулда ухлаб қолган. Воқеа натижасида 7 киши ҳалок бўлган, жумладан, минивенда Қирғизистоннинг меҳнат муҳожирлигидан уйига қайтаётган тўрт фуқароси.
2017 йил, февраль
Саратов вилоятида рўй берган ЙТҲда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлишди. Улар Россияда меҳнат мигранти бўлишган ва миграцион қонунчиликни бузмаслик учун Қозоғистонга бир кириб қайтишни мўлжаллашган. Фожиа Саратов областининг Тарумовка қишлоғи яқинида рўй берган, Kia Rio автомобили йўлнинг қарама-қарши полосасига чиқиб кетиб, Nissan Almera билан тўқнашган. Ҳар икки ҳайдовчи воқеа жойида жон берган. Kia Rio’да Ўзбекистоннинг тўрт нафар, Тожикистоннинг икки нафар фуқароси бўлган. Уларнинг икки нафари аёл эди. Барча вафот этган.
2017 йил, апрель
Ленинград вилоятида рўй берган автоҳалокатда 15 киши жабрланган. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва украиналик меҳнат мигрантлари олиб кетаётган микроавтобус «КамАЗ» билан тўқнашган. Жабрланганларнинг кўплаб аъзолари синади ва лат ейди.
2017 йил, июнь
Ярим йил муқаддам, 2017 йил ёзида Ақтўбе вилоятида тунов кунги автоҳалокатга ўхшаш воқеа рўй берган эди. Волгограддан Чимкент томон келаётган икки қаватли Mercedes автобуси ағнаб кетади. Йўл-транспорт ҳодисаси Самара – Чимкент трассасининг 946-километрида, Қорабутоқ аҳоли пунктидан 20 км узоқликда рўй беради. Автобусда 52 киши бўлади, уларнинг 50 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Қозоғистон фуқаролари. Тўққиз нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлади, 18 киши, жумладан, бир қозоғистонлик турли даражадаги тан жароҳатларини олишади.
2017 йил, июль
Тольяттидан Сизранга элтувчи автомобиль йўлида ўлимга сабаб бўлган ЙТҲ рўй беради ва унда Тожикистоннинг тўрт фуқароси ҳалок бўлади. Меҳнат мигрантларини миндириб олган Hyundai Solaris Тольяттидан Сизрань томон ҳаракатланиб келаётган эди. Аниқланмаган сабабларга кўра у йўлнинг қарама-қарши полосасига чиқиб кетади ва Renault Magnum юк машинаси билан тўқнашади.
Вафот этганларнинг бариси, шунингдек, жароҳатланган бир киши ҳам Тожикистон фуқаролари эди.
2017 йил, октябрь
Беш нафар қурбон, олти киши реанимацияда — 2017 йилнинг 30 октябрида Нижний Новгород – Саратов йўлида рўй берган даҳшатли автоҳалокатнинг оқибатлари шу бўлди. Тунги соат ўнларда Саратов вилоятининг Петровск туманида «Фольксваген Каравелла» микроавтобуси «КамАЗ» юк машинаси билан тўқнашиб кетади.
Зарба микроавтобуснинг қоқ олд қисмига тўғри келади. Икки киши воқеа жойида вафот этган, яна икки киши шифохонага боришда, яна бири шифокорларнинг қўлида жон беради. Уларнинг барчаси тожикистонлик меҳнат мигрантлари эди.
Микроавтобус салонида олти кишининг жони омон қолади, лекин уларнинг барчаси оғир аҳволда шифохонага ётқизилади.
2017 йил, октябрь
Ўтган йилнинг октябрида Россиянинг Владимир вилояти рўй берган ҳодиса ҳам барчани даҳшатга солган эди. Мигрантлар кетаётган автобус Покров шаҳридаги темир йўл ўтказмасида тўхтаб қолади. Автобус салонида 57 киши бўлади: қозоғистонлик икки ҳайдовчи ва 55 йўловчи (йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари). Йўловчилардан айримлари тушиб, автобусни йўлдан силжитишга ҳаракат қилишади, лекин улгуришмайди. Унга Петербургдан Нижний Новгород томон кетаётган йўловчи поезди локомотиви келиб урилади. Автобус салонида 17 киши, жумладан, 2 нафар бола қолган эди. Уларнинг барчаси ҳалок бўлади.
Мавзуга оид
21:50 / 26.04.2023
“Отамиз борлигини ҳис қилмай улғайяпмиз” — мигрантларнинг болалари
11:59 / 13.03.2023
Қозоғистонда бузилган автобусдан 63 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди
22:09 / 26.02.2023
Италия жанубида мигрантлар кемаси чўкиб кетди. Камида 58 киши ҳалок бўлган
23:56 / 13.12.2022