08:38 / 20.01.2018
23018

Яна 5 давлат президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди

Фото: RT

Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилоятида 2018 йил 18 январь куни содир бўлган фожиа оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳалок бўлгани муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарлари номидан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номига Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко, Афғонистон Ислом Республикаси президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Венгрия президенти Адер Янош, Чехия Республикаси президенти Милош Земан томонидан йўлланган самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзлари битилган мактублар келган. 

Хорижий давлатлар раҳбарлари ўз мактубларида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар уларни чуқур қайғуга солганини таъкидлаган. Содир бўлган фожиа муносабати билан улар Ўзбекистон президенти, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинлари, бутун ўзбек халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этган. 

Таъкидланишича, ҳамдардлик номалари келиши давом этмоқда. 

Top