Аҳоли янги электр энергияси ва газ ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун ҳақ тўламайди
Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сон «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари (олдингиси кучини йўқотди);
• Табиий газдан фойдаланиш қоидалари (Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш қоидалари кучини йўқотди).
Уларда бир нечта қизиқарли жиҳатларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, маиший истеъмолчилар (яъни, аҳоли)га электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишинча ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилади. Бироқ бу ерда қуйидагиларни инобатга олиш даркор.
Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими
1) Нормада фақат замонавий, яъни электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимларига интеграцияланган ҳисоблагичлар (ЭНҲАТ, ГНҲАТ) хусусида сўз бормоқда. Замонавий талабларга жавоб бермайдиган ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш харажатлари истеъмолчи (мулкдор) томонидан мустақил равишда тўланади.
2) Табиий газдан фойдаланиш қоидаларида яна битта шарт бор. Унда айтилишича, табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини таъмирлаш ва давлат қиёсловидан ўтказиш учун харажатлар уларнинг мулкдори томонидан қопланади. Демак, агар фуқаро унга ўрнатилган ҳисобга олиш ускунаси учун тўловни амалга оширган бўлса, у унинг мулкдори ҳисобланади ва уни даврий қиёсловдан ўтказиш ишлари учун ўзи тўловни амалга ошириш керак. Агар ҳисоблагич газ таъминоти ташкилоти томонидан ўрнатилган бўлса ва истеъмолчи унинг қийматини тўламаган бўлса, даврий қиёслов ҳам бепул ўтказилади.
3) Юқорида кўрсатилган қоидалар фақат ҳисобга олиш ускуналаридан лозим даражада фойдаланилган тақдирда ишлайди. Агар ҳисоблагичга истеъмолчининг айби билан зарар етказилган, ишдан чиқарилган ёки йўқотилган бўлса, уни алмаштириш, таъмирлаш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва ўрнатиш учун тўлов истеъмолчининг ўзи томонидан амалга оширилади.
Иккинчидан, маиший истеъмолчилар (яъни аҳоли)нинг электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг даврий давлат қиёсловидан ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил қилиш бўйича жавобгарлик, тегишинча, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотларига юклатилади.
Янгиланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида қуйидагилар тўғридан-тўғри кўзда тутилади: агар қиёсловдан ўтказиш муддати ўтиб кетган бўлса, бироқ электр таъминоти корхонаси қиёсловдан ўтказмаган бўлса – истеъмолчи ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича тўловни амалга оширишни давом эттиради. Бундай ҳолатда электр таъминоти корхонаси истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш қиёслашлараро интервал муддати ўтган ҳисоблагич билан амалга оширилган давр учун қайта ҳисоб-китоб қилишга ҳақли эмас. Табиий газдан фойдаланиш қоидалари бундай кафолатни ўз ичига олмайди.
Учинчидан, тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш фақат уларнинг ихтиёрига биноан амалга оширилади. Демак, энергия таъминоти ташкилотлари бундай хизматларга мажбурлаши мумкин эмас.
Ҳужжат 16.01.2018 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
12:10 / 31.10.2024
Нурафшонда ярим миллиард сўмдан ортиқ электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
07:30 / 31.10.2024
Тошкентнинг уч туманида электр таъминоти вақтинча ўчирилади
11:46 / 30.10.2024
1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?
10:20 / 30.10.2024