09:10 / 21.01.2018
10058

Оқ уйда фуқароларнинг қўнғироқларига жавоб берилмаяпти

Фото: Reuters

Оқ уйнинг жамоатчилик билан алоқа хизмати АҚШ федерал ҳукуматининг фаолияти тўхтаб қолгани сабабли фуқароларнинг телефон қўнғироқларини қабул қилмай қўйди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, қўнғироқ қилган одамлар федерал ҳукумат фаолияти тўхтагани ҳақида автожавоб бергич огоҳлантиришини эшитмоқдалар.

Огоҳлантиришда бу ҳолат учун жавобгарлик Демократик партия зиммасида эканлиги айтиб ўтилмоқда.

“Афсуски, бугун сизнинг қўнғироғингизга жавоб бера олмаймиз, чунки Конгрессда демократлар ҳукуматнинг молиялаштирилишини аросатда ушлаб туришибди. Шу сабабли ҳукумат ишини тўхтатди”, дейилган аудиохабарда.

Таъкидланишича, ҳукумат яна ишлай бошлагандан кейин қўнғироқлар аввалгидек қабул қилина бошлайди.

Аввалроқ АҚШ федерал муассасалари молиялаштириш йўқлиги сабабли фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлганлари, чунки демократлар республикачиларга федерал бюджет қонунини қабул қилишга ижозат бермаганлари маълум қилинган. 

ОАВ маълумотларига кўра, АҚШнинг вақтинчалик бюджети бўйича сенатда овоз бериш 22 январга белгиланган.

Top