Иқтисодиёт | 17:47 / 22.01.2018
23528
5 дақиқада ўқилади

2017 йилда банк кассаларига тушган нақд пуллар ҳажми айтилди

Фото: KUN.UZ

2017 йил давомида нақд пул муомаласи мамлакат иқтисодиётида, шу жумладан пул-кредит соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар таъсирида ўзгариб борди, деб хабар бермоқда Марказий банк ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 2017 йилнинг биринчи ярми давомида тижорат банклари кассаларидан нақд пул чиқимларининг умумий ҳажми банк кассаларига келиб тушган нақд пул миқдорига нисбатан сезиларли даражада кўпроқ бўлди.

Хусусан, январь-июнь ойлари давомида банк кассаларига 11,8 трлн. сўм нақд пул тушган бўлса, банк кассаларидан амалга оширилган чиқим 17,1 трлн. сўмни ташкил этди. Натижада, муомаладаги нақд пуллар миқдори йил бошига нисбатан 5,3 трлн. сўмга ошиб, 2017 йилнинг 1 июль ҳолатига 18,6 трлн. сўмни ташкил этди.

Ўтган йил июль-декабрь ойларида банк кассаларига 27,7 трлн. сўм нақд пул тушган бўлса, банк кассаларидан амалга оширилган чиқим 28,6 трлн. сўмни ташкил этди. Натижада, июль-декабрь ойларида муомаладаги нақд пуллар миқдори 0,9 трлн. сўмга ошиши кузатилиб, бундай ўсиш сентябрь-декабрь ойлари давомида аҳолидан нақд валютани сотиб олиш ва пахта йиғим-терим мавсуми билан боғлиқ харажатлар ҳамда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақаларни оширилиши натижасида қўшимча 8,5 трлн. сўм миқдоридаги нақд пулга бўлган талабнинг юзага келиши билан изоҳланади.

Ўтган 2017 йилда банк кассаларига тушган нақд пуллар ҳажми 39,5 трлн. сўмни ташкил этди. Ушбу даврда жами нақд пул тушумларида товарларни сотишдан тушум улуши 47% (18,7 трлн. сўм), пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидан тушум – 15% (5,9 трлн. сўм), аҳолининг банк омонатларига жойлаштирган пуллари – 14% (5,6 трлн. сўм), солиқлар ва бошқа мажбурий йиғимлар – 11% (4,2 трлн. сўм), бошқа соҳалардан тушум – 13% (5,1 трлн. сўм)ни ташкил этди.

Июль-декабрь ойларида банк кассаларига 27,7 трлн. сўм тушиб, январь-июнь ойларига нисбатан 15,9 трлн. сўм ёки 2,3 мартага кўпайди. Шундан, товарларни сотишдан тушган нақд пуллар ҳажми 7,8 трлн. сўм ёки 2,4 баробар, пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидан 2,4 трлн. сўм ёки 2,4 баробар, аҳолининг банк омонатларига топширган пуллари 800 млрд. сўм ёки 1,3 баробар, солиқлар ва бошқа мажбурий йиғимлар 2,5 трлн. сўм ёки қарийб 4 баробар ва бошқа соҳалардан тушумлар 2,4 трлн. сўм ёки 2,9 баробарга ошган.

2017 йилда жами нақд пул тушумида Тошкент шаҳрининг улуши 36%, Самарқанд 10%, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 8%, Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятларида 5%, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 4%, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 3%, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 2% ни ташкил этди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан январь-июнь ойларида банк кассаларига ойига ўртача 187 млрд. сўм нақд пул топширилган бўлса, шундан 43 млрд.сўми (23%) қайтариб олинган. Сентябрь ойидан бошлаб якка тадбиркорларнинг банк кассаларидан олаётган нақд пуллари ҳажми ўзгармаган ҳолда топширилган нақд пуллари ойига ўртача 329,3 млрд. сўмни ташкил этди. Бу январь-июнь ойларида ўртача бир ойга нисбатан 142 млрд. сўмга (76%) ошди. 

Шунингдек, 2017 йил январь-июнь ойларида аҳоли томонидан банкларга ойига ўртача 350 млрд. сўм миқдоридаги нақд пуллар омонатларга қўйилган бўлиб, унинг 212 млрд. сўми (61%) шартномада кўрсатилган муддатларда қайтариб олинган ва 138 млрд. сўми банк ҳисобварақларида қолган. Октябрь-декабрь ойларида эса ойига ўртача 562 млрд.сўм миқдорида нақд пуллар топширилган бўлиб, шундан 246 млрд.сўми (44%) қайтариб олинган ва 316 млрд. сўми банк ҳисобварақларида қолган.

Ўтган йилнинг июль-декабрь ойларида пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидан тушган нақд пуллар 4,1 трлн. сўмни ташкил этди. Бу январь-июнь ойларига нисбатан 1,4 марта (2,7 трлн.сўм)га кўпайди. Шундан, энергия ресурслари, сув таъминотини етказиб бериш ва истеъмол қилиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасидаги олиб борилаётган ишлар ушбу соҳадан тушган нақд пуллар ҳажми ошишини таъминламоқда.

Таъкидланишича, иқтисодиётда нақд пулларнинг айланиши ва уларнинг ўзгариши ҳудудлардаги хизмат кўрсатиш секторининг қай даражада ташкил этилгани билан боғлиқдир.

Мавзуга оид