Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда уй-жой ва автомобил хариди 1 апрелдан нақд пулсиз шаклга ўтади
2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, О ва G тоифага кирувчи транспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
1 апрелдан кўчмас мулк ва автомобилни нақд пулга сотиш тўхтатилади. Бу бўйича «Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисида»ги низом лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, кўчмас мулк объекти ва транспорт воситасини нотариал тартибда олди-сотди қилишда харидор, сотувчи ёки уларнинг вакили ўзаро келишувга эришгандан сўнг, харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.
Банк томонидан ариза асосида эскроу ҳисобварағи шартномаси тузилади ва эскроу ҳисобварағи очилади. Эскроу ҳисобварағи шартномасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, олди-сотди шартномаси нотариал тартибда тасдиқлангандан сўнг, маблағларни сотувчининг ёки унинг вакилига топшириш, шунингдек, эскроу ҳисобварағи шартномасини бекор қилиш шартлари кўрсатилиши керак.
Аввалроқ, «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинганди.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, О ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Фармонга кўра, қуйидагилар 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланганди, жумладан:
- ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.
Барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий қилинади.
Мавзуга оид
11:00
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга оид қонунчилик янгиланди
19:22 / 14.06.2026
Ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобиллар эгалари экологик компенсация тўлаши мумкин
18:45 / 12.06.2026
Кундалик саёҳат учун энг яхши автомобил номи эълон қилинди
17:38 / 09.06.2026