Филиппин президенти ҳарбийларга ўзини отишга рухсат берди
Филиппин президенти Родриго Дутерте ҳарбий базага ташрифи вақтида агар у ўз ваколатлари тугагандан кейин ҳам мамлакатни бошқаришни давом эттирса ва диктаторга айланса, ҳарбийлардан уни отиб ташлашни сўради. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
“Агар мен белгиланган муддатдан кўпроқ лавозимимда қолсам ва диктатор бўлишни истаб қолсам, мени отиб ташланг, ҳазиллашмаяпман”, деб айтган президент. У ҳарбийлар ва куч тузилмаларининг вазифаси “конституция ва халқни ҳимоя қилишдан иборатлигини қўшимча қилган.
Ахборот агентлигининг таъкидлашича, ўтган ҳафта Дутертенинг Филиппин конгресси вакиллар палатасидаги тарафдорлари давлатнинг федератив шаклига ўтиш учун конституцион йиғилиш чақиртиришга овоз беришган. Янги конституциянинг қабул қилиниши 2019 йилга белгиланган парламент сайловларининг кейинроқ қолдирилишига ва бунинг натижасида нафақат депутатлар, балки қолган амалдорларнинг ваколатлари муддатини қайта кўриб чиқишга олиб келади.