Жамият | 22:35 / 24.01.2018
33224
4 дақиқада ўқилади

Муаммо бир кунда ечимини топди: навбатдан ўчирилган онахон ҳаж сафарига борадиган бўлди

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Ҳаж амалини адо этиш, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг энг катта орзуси ҳисобланади. Ислом динининг бешинчи аркони ҳисобланмиш бу ибодатни адо этиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Шу сабабданми, бу бахтга эришганлар одамлар ичида энг бахтиёрлари ҳисобланади. Бошқалар уларга ҳавас қилиб, “бизни ҳам шу кунларга етказсин”, дея дуолар қилишади.

Бугунги кунда ҳаж амалига бориш ишлари ҳукумат томонидан тартибга солиниб, адолатли тарзда амалга ошириб келинмоқда. Моддий ва жисмоний томондан қурби етганлар навбатларига қараб муқаддас зиёратга отланишмоқда. Аммо барча жойда ҳам шу адолатга амал қилинаяптими? KUN.UZ таҳририятига Андижон вилояти, Хўжаобод тумани, Дилкушод қишлоғидан етиб келган навбатдаги мурожаат мазмуни ана шу ҳақда.

“Ассалому алайкум KUN.UZ таҳририяти ходимлари. Сизлар томондан бериб борилаётган хабарларни мунтазам кузатиб бораман. Халқнинг дардига дармон бўлиб, муаммоларига ечим топишга ёрдам бераётганингиз таҳсинга лойиқ.

Мен ҳам бир неча кун-ки, онамнинг ўксиган кўнглига қандай малҳам бўлишни билолмай, сизлардан ёрдам сўрашга аҳд қилдим. Етти йилдир-ки, ота-онам ҳаж сафарига боришга навбат кутишади. Бу йил навбат келган экан дадамнинг кўзи ожиз бўлиб қолгани туфайли боролмайдиган бўлди. Аммо МФЙ раисининг масъулиятсизлиги туфайлими ёки таниш-билишчилик қилишдими, хуллас онамдан бир оғиз сурашмай, кейинги навбатдаги одамни рўйхатга беришган. Буни эшитиб туман ҳокимлигига бордик, МФЙ раисига югурдик, афсуски, натижа бўлмади. 

Онамнинг ёшлари 68 да. Ногирон дадам уйда ўтирадилар. Шуларни ҳисобга олиб, МФЙ раиси ҳеч бўлмаса онамни ўз навбатида ҳаж сафарига боришларига ёрдам бериши керак эди-ку. Қачонгача таниш-билишчилик, қоғозбозлик давом этади? Муҳтарам президентимизнинг халқ билан бирга бўлайлик, деган сўзлари наҳотки МФЙ раисларига етиб келмаган бўлса? Бу мактубимда кўтарилган муаммолар тегишли раҳбарият томонидан беэътибор қолдирилмайди, деб ўйлайман. Ҳурмат билан Умида”.

Биз мурожаат эгаси билан боғланганимизда вазият янада ойдинлашди.

- Ҳажга кетадиганлар билан суҳбат бўлган куни онам уйда бўлмаганлар. Қирғизистонга меҳмонга кетган эдилар, - деди биз билан суҳбатда мурожаат муаллифи. - Туман ҳокимлигига бориб суриштирганимда улар суҳбатга чақириш ҳужжатини маҳалламизга уч кун илгари юборишганини айтишди. Маҳалла йиғинидагиларнинг масъулиятизлиги оқибатида бу ҳақда бизга ўз вақтида маълум қилинмаган. Оқибатда учинчи кун ҳокимиятдан жавоб сўрашганда, улар уйимизга келишган ва онам йўқликларидан фойдаланиб, нотўғри маълумотларни ҳокимиятга шоша-пиша жўнатишган. Натижада онам қолиб, у кишидан кейинги ўринда турган фуқаро ҳаж сафарига борадиган бўлиб турибди.

Маълумотларга кўра, Умида (мурожаат муаллифи – таҳр) бу муаммони ҳал этиш мақсадида ҳокимиятга боради, у ердагилар уни маҳалла йиғинига жўнатади. Маҳалладагилар эса бу ишни ҳокимият ҳал қилишини айтади. Хуллас, таниш манзара – сансоларлик юзага келади.

Ушбу масала юзасидан KUN.UZ таҳририяти Хўжаобод тумани ҳокими Қобилжон Қирғизбоев билан боғланиб, вазиятни атрофлича тушунтирди. Ҳокимият томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу муаммо ўзининг ижобий ечимини топди. Мурожаат эгасининг онаси ўзининг навбатида ҳаж зиёратига борадиган бўлди. 

Инсондаги ишонч туйғуси ўлмасин. Чунки айнан мана шу хислат кишига куч-қувват бериб туради, эртанги кунга бўлган умидини сўндирмайди. Бугун бир фуқаронинг муаммоси ҳал этилди. Унинг адолатли жамиятга бўлган ишончи яна тикланди. Бошқа ҳудудлардаги мавжуд муаммолар ҳам ўз вақтида амалий ечимини топса, фуқаролардаги давлат ва жамиятга бўлган ишонч туйғуси янада мустаҳкамланади, янада ортади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид