Ўзбекистон | 19:20 / 25.01.2018
98124
5 дақиқада ўқилади

Каримовлар оиласининг келини Биринчи Президент ҳақидаги хотираси билан ўртоқлашди

Самарқанднинг «Зарафшон» газетаси «Буюк йўлбошчимиз Ислом Каримов — 80 ёшда» рукни остида Ислом Каримов замондошларининг Биринчи Президентимиз ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашмоқда.

Суратда: Таклифа Каримова, Санобар ая (И.Каримовнинг онаси), Меҳринисо Каримова (И.Каримовнинг опаси)

Ислом Каримовнинг акаси — Қуддус Каримовнинг рафиқаси, айни пайтда Самарқанд шаҳридаги «Қўшбаққолли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаётган Таклифа Каримова қайноғаси ҳақидаги ўз хотираларини қуйидагича баён этган:

— Мен бўлғуси президент оиласига 1964 йилда келин бўлиб тушганман. Тўйнинг эртаси куниёқ бу оилада ўзаро иноқлик, меҳр, илмга ташналик бениҳоя юқори эканини англаганман.

Ислом Каримов оилада еттинчи фарзанд бўлиб, опаси Меҳринисо ҳамда ака-укалари билан аҳил-иноқ яшар, улар билан ўзаро илмий ва ақлий тортишувлар қилиб турарди. Айниқса, турмуш ўртоғим Қуддус Каримов билан фан, спорт, таълим-тарбия, диний ва дунёвий билимлар борасида мудом баҳслашарди.

Ўша пайтларда Ислом Каримов Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлар, Самарқандга ҳар икки-уч ойда келиб турарди. Ҳар келганида хўжайиним билан тарих, иқтисодиёт ва астрономия соҳасида фикр алмашарди, тонггача баҳслашишарди.

Бир сафар «Дадаси, укангиз ёш бўлса-да, катталардек фикрлайди, онг, тафаккур доираси ўта кенг. Бунинг сабаби нимада?», деб сўрадим. «Китобни севишида, мутолаа қилиш, ўқиб-изланишдан эринмаганлигида», деди ва бир воқеани сўзлаб берди.

«Уруш йилларидан кейин отамиз Абдуғани ака Иштихон туманидаги «заготконтора» (ўша вақтда шундай номланган)га ишга ўтди ва шу сабабли Ислом Митан шаҳарчасидаги мактаб-интернатда таҳсил олди.

Тўртинчи синфда ўқиб юрганида 2-синф ўқитувчиси қаттиқ бетоб бўлиб қолади ва уч-тўрт ой мактабга кела олмаслиги ойдинлашади. Шунда мактаб-интернат директори 4-синф ўқувчиси — укам Исломга ишонч билан ўша синф ўқувчиларини ўқитиб туришни топширади. Ёш Ислом бу ишончни оқилона уддалаш учун кечалари ухламай ўқийди, ўз устида ишлайди. Натижада уч ой давомида ўқувчиларни ўқитувчидан кам бўлмай ўқитади. Унинг бу салоҳияти нафақат мактабда, балки туманда алоҳида эътироф этилади».

Ислом Каримов ана шундай чуқур билим, истеъдод ва иқтидор эгаси эди. Буни мен яқин одами, қариндоши сифатида эллик йиллик ўзаро муносабатларимиз давомида теран англаганман.

Самарқанд шаҳридаги “Даҳбедий” маҳалласида яшовчи Абдулла ота Дадажонов И.Каримовни шундай хотирлайди:

— Ислом Каримов билан бир маҳаллада яшаганимдан доим қалбимда чексиз ифтихор туйиб юрганман.

Маҳалламиз аҳли фойдаланадиган катта, кўркам ва тиниқ ҳовуз Ислом Каримов яшайдиган хонадон қаршисида эди. Бу ердаги бир туп тут ва ўрик дарахти ҳовузга эртадан кечгача салқинлик бериб, сувнинг мўътадиллиги ва муздай бўлишини таъминларди.

Исломнинг болалиги ана шу ҳовуз атрофида дўстлари билан турли ўйинлар ўйнаш, китоб ўқиш, дарс қилиш, варрак ва самолёт ясаш билан ўтган.

Кечагидай кўзим олдида, эрталаб ҳовуздан сув олишга келсам, Ислом тут соясига кўрпача ташлаб, дарс қилиб ўтирган бўларди. Қўлидан доим китоб тушмасди. Мен акаси Икром билан дўст эдим. Уйига кўп борардим, дадаси Абдуғани ака ўта оқил, зукко, самимий инсон эди. Шунинг учун биз, болалар билан эринмай суҳбатлашар, орзу-умидларимиз, шу кунларда қилаётган ишларимиз ҳақида сўрар, зарур маслаҳатлар берарди. «Шахмат, шашка киши ақлини чархлайди, бўш вақтларингни беҳуда ўтказмай, жилла қурса, бир-бир ярим соат шахмат ё шашка ўйнанглар», дерди. Кўпинча биргалашиб шашканинг «Бурчак» деб аталадиган турини ўйнардик. Ислом шахматни ҳам, бу ўйинни ҳам моҳирона ўйнар, ҳаммамизни ютарди. Аммо вақтни жуда қадрлар ва дарҳол яна дарс қилишга шўнғиб кетарди.

Мавзуга оид