Ҳаётда шундай ҳолатларга дуч келинадики, баъзида ким ҳақ, ким ноҳақлигини ажратиш мушкул бўлиб қолади. Гарчи ҳозирги кунда қоғозлар сўзлаётган бўлса-да, айрим ҳолларда ўша қоғозлар инобатга олинмаслиги кишининг асабини бузади. Қонунбузарлик содир этилгани аниқ, суд маҳкамаси ҳам бир неча бор ҳал қилув қарорларини чиқарган, аммо воқеалар ривожи шундай давом этдики, алалоқибат икки томон ҳам ерсиз қолиб кетганига нима дейсиз? 

KUN.UZ таҳририятига Бўстонлиқ туманида 2006 йилда ташкил этилган ва айни вақтда касод ёқасида қолган “Iskandar Foods” хусусий корхонасидан мурожаат келиб тушди. Биз ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида корхона жойлашган Бўстонлиқ тумани Искандар қўрғонига бориб, даставвал хусусий корхонанинг фаолияти билан қизиқдик. 

Бир вақтлар мева-сабзавотлар, сутни қайта ишлаш йўлга қўйилган “Iskandar Foods” хусусий корхонасининг низом жамғармасидан конвертация муаммолари сабабли америкалик тадбиркорлар ўз улушларини олиб чиқишади. Айни вақтда корхона хароб аҳволда. Чунки 2015 йилдан ишлаб чиқариш тўхтатилган. Бино ва иншоотлар бўш ётибди. Корхона раҳбари Мирҳосил Ҳалимовнинг айтишича, бунга ёндош ҳудудда жойлашган “Lotos Gold” МЧЖга туман ҳокимлиги ва кадастр бўлими хатоси билан ХК ери бериб юборилгани сабабдир. 

Гап шундаки, туман ер кадастр бўлими ходимлари биринчи ташкилотга тегишли бўлган ҳудуднинг бир қисмини ундан бир неча йил кейин ташкил этилган корхонага бериб юборган. Оқибатда 3 гектарга яқин ер майдони қоғозда 3,5 гектарга айланиб қолган. “Lotos Gold” МЧЖ 2011 йил ноябрида ташкил этилган бўлса, ер талашиш можароси 2013 йил 31 июлда туман прокурорининг протести билан бошланган. 

Судма-суд, идорама-идора юришлар бошланиб, икки томон апелляция жараёнларидан ҳам ўтган, суд маҳкамаларида “Iskandar Foods”нинг қўли баланд келган бўлса, суд қарорини ижро этишга келганида “Lotos Gold” МЧЖнинг тоши оғир босгани сабабли ижро қоғозда қолиб кетаверган. Бир томон муросани таклиф қилса, иккинчи томон қабул қилмаган. 

Бўстонлиқ туман ҳокимининг Тошкент вилоят хўжалик судининг 2014 йил 26 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан “Iskandar Foods”нинг даъвоси қондирилган ва “Lotos Gold” МЧЖ фойдаланишида бўлган 0,5939 гектар ер майдонини хусусий корхонага қайтариш белгиланган. Шу билан иш битди, десангиз хато қиласиз. Можаронинг ҳаммаси шундан кейин бошланди.