Спорт | 22:00 / 29.01.2018
21581
3 дақиқада ўқилади

Футзал терма жамоаси Осиё чемпионатига кузатиб қўйилди. Уларга ҳам U-23 терма жамоасининг йўли тиланди

1-12 февраль кунлари Хитой Тайпейи мамлакатида футзал бўйича 15-бор Осиё чемпионати ўтказилишидан хабарингиз бор. Қитъа чемпионати барча мавсумининг тенг ярмидан кўпида совринли ўринлардан жой олган Ўзбекистон футзал терма жамоаси бу гал ҳам юқори мақсадлар билан сафарга отланмоқда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида футзал терма жамоамизни нуфузли мусобақага кузатиш маросими ташкиллаштирилди.

Маросимда  Миллий Олимпия Қўмитаси Президенти, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов, МОҚ ва ЎФА масъуллари, Футзал терма жамоаси аъзолари ҳамда куни кеча Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатининг ғолиблари – Равшан Ҳайдаров устозлигидаги бир гуруҳ Ўзбекистон терма жамоаси  футболчилари ҳам иштирок этишди.

«23 ёшли терма жамоамизнинг Хитойдаги ўйинларини бутун халқимиз қўллаб-қувватлаб туришди, уларнинг оламшумул ғалабаларидан эса бутун Ўзбекистон халқи фахрланяпти, ғурурланяпти. Футболчиларимизни кузатиш чоғида улардан фақат чемпионликни тилаб қолгандик. Мана, улар ишончларимизни оқлашди, юзимизни ёруғ қилишди. Муваффақиятларимиз муҳтарам Президентимизни ҳам хурсанд қилди. Ғалабаларимизга ҳисса қўшган мураббий ва футболчилар Ўзбекистон диёрида муносиб кутиб олинди, уларни олқишлаш учун минг-минглаб ёшлар  аёзли оқшом бўлишига қарамай кўчага чиқди. Футболчиларимиз шу оқшомнинг ўзида Президентимизнинг махсус совғалари билан тақдирланишди. Уларни мукофотлаш ишлари ҳали яна давом этади. Сиз футзалчилардан ҳам худди шундай матонат, жасорат, шижоат кутиб қоламиз.

23 ёшлиларнинг натижасини такрорлашингизни истаймиз,  бунга ишонамиз ҳам. Энди улар бизни 1-ўринга ўргатиб қўйишди. Сизлар ҳам шу натижани қайд этишингиз керак бўлади. Ёшларимиз Япония термасини йирик ҳисобда мағлуб этишди, сизлар ҳам бунинг уддасидан чиқа оласизлар. Ҳеч кимдан кам эмасликларингизни исботлашингиз зарур. Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Футбол федерацияси ҳар қандай муаммоларингизни ечишга тайёр, Сизлардан фақат мазмунли ўйин ва кутилган натижани қайд этиш. Ўзбекистон халқи нишонлаётган байрам кайфиятини давом эттиришга муносиб ҳисса қўшишингизни истаймиз. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев сизлардан ҳам юксак зафарлаб кутяпти, шуни барчамиз бирдек ҳис қилайлик. Сизларга оқ йўл тилайман. Ой бориб, зафарлар билан қайтинглар», - дея гапириб ўтди Аҳмаджонов.

Футзал терма жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов, терма жамоа сардори Артур Юнусов йигитлар номидан сўз олишиб, қитъа чемпионатига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришга етарли шароит яратиб берганлиги учун ЎФФга, унинг раҳбарларига миннатдорлик билдиришиб, ишончни оқлашга, ёшлар термаси муваффақиятини такрорлашга ҳаракат қилишларини таъкидлашди.

U-23 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров эса Хитойда эришилган ғалабаларда ёрдам берган Умиджон Аҳмаджоновга Осиё чемпионати олтин медалини, Жавоҳир Сиддиқов эса чемпион футболчилар имзолари туширилган тўпни, Рустам Ашурматов эса махсус эсдалик совғасини тақдим этишди.

Мавзуга оид